Линклар

logo-print

Янги фармон: У деҳқонга нима беради?


Тўлқин Жорий йилнинг 11 мартида Ўзбекистон Президентининг “Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қонунлар ижросини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Фармонга кўра, мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида прокуратуранинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади ва жойлардаги бўлимлар учун қўшимча 48 та штат, уларнинг марказий маҳкамасига 3 та штат бирлиги ажратилади.

Фармонда таъкидланишича, қишлоқ хўжалиги прокурорлари соҳада иқтисодий ислоҳотлар, қонун ва фармонларнинг бажарилиши, қишлоқ хўжалиги экинлари, асосан, пахта ва ғалла экиладиган ерларнинг мониторингини ўтказиш ва шу каби назорат ишлари билан шуғулланади.

Кузатувчиларнинг билдиришича, бошқа давлатларда прокуратуранинг қишлоқ хўжалигини назорат қиладиган бундай тизими йўқ.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Соҳибжон Акрамовнинг айтишича, фармон фермерлар билан уларга хизмат кўрсатувчи идоралар муносабатларининг қонунийлигини назорат қилишни кўзда тутади. Қишлоқ хўжалик прокурорлари фермерлар ва мазкур идораларнинг фаолиятига аралашмайди, балки бу борада чиқарилган қонун, қарор ва бошқа ҳужжатларнинг ижросини назорат қилади.

Аммо янги қабул қилинган фармон хусусида бошқача фикр билдираётганлар ҳам бор.

Қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис Расулжон Ҳакимовнинг сўзларига қараганда, фармон, аввало, фермерлик ҳақидаги қонуний ҳужжатларда, хусусан, 2003 йилнинг 27 октябрида қабул қилинган қонунда белгилаб қўйилган фермернинг мустақиллигига раҳна солади. Прокуратуранинг янги бўлимлари ташкил этилиши Ўзбекистонда бундан илгарироқ синаб кўрилган қишлоқ хўжалиги соҳасига ички ишлар ходимларини жалб қилишга ўхшаб кетадиган тадбирдир.

Аграрлар ва тадбиркорлар партияси раиси Марат Зоҳидовнинг фикрича, прокурорлар фермерларни назорат қилиш билан шуғулланса, бундай фармон кераксиздир. Агар улар фермерларга ёрдам берса, демак яхши ҳужжат қабул қилинган дейиш мумкин.

“Озод деҳқонлар” партияси бош котиби Нигора Ҳидоятова фармон хусусида фикр билдирар экан, шундай деди: “Ҳукумат бу тадбирни пахта ва ғалла ҳосилдорлигини ошириш мақсадида ўйлаб топган, аммо у бу ишни диктаторлик усули асосида амалга оширмоқчи бўляпти. Бундай усуллар билан яхши натижага эришиб бўлмайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ҳалокат ёқасида турибди. Соҳани инқироздан қутқариш учун эса фақат маблағ талаб қилинади. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, 250 миллион доллар зарур”.

Жиззах вилоятидаги “Бобожон” фермер хўжалиги раҳбари Маъмуржон Азимовнинг айтишича, фермерларда ҳеч қандай ихтиёр йўқ. Уларнинг мутақиллиги фақат қоғоздагина бор, холос. Амалда эса фермерлар ҳокимлар кўрсатмаси асосида иш юритишга мажбур.

М.Азимовнинг фикрича, қишлоқ хўжалигида прокурор назорати ўрнатилиши мавжуд маъмурий тазйиқларни янада кучайтиради.
XS
SM
MD
LG