Линклар

logo-print

Отахон нимадан ўлди?


Шайбон Хабарларга қараганда, 28 март куни Тошкентдаги Чорсу бозорида бир милиционер кекса кишини уриб ўлдириб қўйган.

“Озодлик” мухбири воқеа гувоҳлари ёрдамида йиққан маълумотларга кўра, шу куни эрталабки соат саккизларда олти нафар милиция ходими бозорда аравакашлик қилаётган йигитни тўхтатиб, тегишли ҳужжатларсиз ишлаётгани сабабли милиция таянч пунктига олиб кетмоқчи бўлган. Аравада бозорда савдо қиладиган бир неча аёлларнинг маҳсулотлари бўлгани боис, аёллар йигитнинг олиб кетилишига қаршилик қилган. Бундан жазавага тушган милиционерлар аёлларни ҳақоратлаган ва калтаклай бошлаган. Шу атрофда воқеани кузатиб турган 65-70 ёшлардаги отахон милиционерларни шаштидан туширишга ҳаракат қилиб, жанжалга аралашган. Милиция ходимлари отахоннинг гапларига эътибор бермай, аравакаш йигитни таянч пунктига олиб кетган. Орадан бироз ўтиб, улардан бири воқеа жойига қайтиб келган. У отахонни бундай ишларга аралашмаслиги ҳақида огоҳлантириб, тирсаги билан юзига зарб билан урган. Отахоннинг оғзи-бурнидан қон келиб, ерга йиқилган ва жон таслим қилган. Воқеа жойига зудлик билан етиб келган милиция наряди жасадни олиб кетган. Савдогарлар эса бу ҳақда оғиз очмаслик ҳақида огоҳлантирилган.

Гувоҳ аёллардан бирининг айтишича, савдогарлар дастлаб жасаднинг олиб кетилишига қаршилик кўрсатган. Аммо милиция ходимлари савдогарларни резина таёқлар билан уриб, уларни тарқатишга уринган. Милиционерларга астойдил қаршилик кўрсатган бир неча киши эса куч ишлатиб олиб кетилган. Ҳозирча уларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, вафот этган отахон бозорда атиги бир неча кундан буён савдо қилаётган экан. Ўта босиқ ва камсуқум бўлгани учун унинг на исми шарифи, на турар жойи бозордагиларга маълум эмас.

Бозор маъмурияти ҳам отахон тўғрисида маълумотга эга эмаслигини билдирди. Маъмурият ходимларининг айтишича, айни пайтда жасад суд тиббий экспертиза марказига олиб кетилган. Отахоннинг ёнидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар топилмагани боис, бу йўналишда ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Шайхонтоҳур тумани прокуратураси вакилининг сўзларига қараганда, отахон ўз ажали билан вафот этган. Милиция ходимларининг бу воқеага ҳеч қандай алоқаси йўқ.
XS
SM
MD
LG