Линклар

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари фаолларининг Тошкент портлашларига муносабати.

  • Садриддин Ашур

Дастуримиз Ўзбекистондаги портлашларга оид лавҳалар билан давом этади. Бу портлашларни ким ташкил қилганлиги ҳақида Ўзбекистон ҳукумати ўз муносабатини билдирди. Хўш, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг бу портлашларга муносабатлари қандай? Ҳамкасбим Садриддин Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари фаолларининг бу масалага муносабатларини ўрганишга ҳаракат қилди.

29 март куни ОАВи мухбирлари билан бўлган учрашувда Ўзбекистон Бош Прокурори Рашид Қодиров портлашларга оид ҳукумат муносабатини баён қилди. Унга кўра, портлашларга жавобгарлик ма’сулияти Ўзбекистон Исломий ҳаракати, “Ҳизб-ут Таҳрир” ва “ваҳобийлик” диний оқимлари зиммасига юклатилди. Хўш, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу портлашларга қандай муносабат билдиришяпти? Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг раиси Толиб Ёқубов шундай дейди:

“Менинг назаримда , Ўзбекистон ҳукумати навбатдаги бир ўйланмаган ҳаракатини амалга оширди. 1999 йилда қандай ҳаракат қилган бўлса шуни такрорлади. Ҳукуматнинг бу ҳаракатини ноиложлик қадами, деб баҳолаш мумкин. Дунё жамоатчилигида Ўзбекистон сиёсатига нисбатан негатив муносабат шаклланди. Шунинг учун ҳам ҳукумат “мана бизда террористлар бор, терроризм хавфи бор”, деган ма’нода ана шу воқеаларни ташкиллаштирган , деб ўйлайман”.


Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Фарғона вилояти раиси Абдусалом Эргашевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, қонун устивор бўлмаган мамлакатда бундай ҳар битта фавқулодда ҳодисадан ҳукумат ўз мақсадлари йўлида жуда усталик билан фойдаланади. Абдусалом Эргашев бу ҳақда шундай деди:

“Дунёнинг қайси бир мамлакатида шундай воқеалар содир бўлса, аввало бу воқеаларни содир қилган одамлар ўзларини танитмагунча ҳукумат ҳеч қачон хулоса чиқармайди. Бизда эса ҳали ўша воқеалар содир бўлиб- бўлмай туриб унинг ижрочилари ҳам топилади, буюртмачилари ҳам. Барча гуноҳ дунё осон ишонадиган бир гуруҳларга йўналтириб юборилади. “Ҳизб-ут Таҳрир” ўзи бошида беш- олти кишидан иборат бир халқа эди. Ҳукумат эса 1988 йилдан буён Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан уларни бир жойга, я’ни қамоққа тўплаб, келажакда бир таҳлика соладиган кучга айлантириб қўйди” .

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раҳбари А’зам Турғунов Тошкентдаги портлашлар, асосан, милиция ходимларига қаратилгани, лекин ҳукуматнинг бу ҳақда ҳеч нарса демаётганига э’тибор қаратади:

“Бу портлашлар анчадан бери пишиб, етилиб келаётган бир касалнинг натижаси бўлди. Расмийлар чиқиб барча айбларни диний оқимларга юклашдию, лекин уларни худкушликка нима мажбур қилди, деб ҳеч ким сўрамади. Бу портлашларнинг айнан милицияга қаратилганини, ҳали ҳеч ким гапирмади. Ваҳоланки барча портлашлар милиция ходимларига нисбатан уюштириляпти. Ўзбекистон ОАВи ҳам воқеаларни фақат ҳукумат позициясидан туриб ёритяпти. Ҳатто касалхоналардаги врачларга ҳам ахборот беришни та’қиқлаб қўйишган. Менимча 1999 йилги сценарий яна такрорланмоқда” .

Ўзбекистон демократия ва инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Жўрабек Ражаббоевнинг айтишича, милиция ходимларининг инсон ҳуқуқларини ҳаддан ташқари поймол қилаётгани ана шундай фожианинг келиб чиқишига асосий сабаб бўлган:

“Милиция ходимлари зўравонлигининг эртами- кечми шундай оқибатларга олиб келиши олдиндан ма’лум эди. Чунки милиция дастидан халқ бозорга киролмай қолди. Айнан шу Чорсу бозори олдида ҳам милиционерлар ҳар куни намойишкорона тўпланишарди. Бу портлашлар оқибатида энди демократлар ҳам, инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам декабр ойида бўладиган сайловларга яқинлаштирилмайди” .

Жўрабек Ражаббоев бу портлашлар парламент сайловларининг демократик тарзда ўтишига салбий та’сир кўрсатади, деб айтди. Хўш, бу фикрга бошқа инсон ҳуқуқлари фаолларининг муносабатлари қандай? Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов гапиради:

“Ҳақиқатан, бу портлашлар сайловлар олдидан жамиятни қўрқувга солиш, исканжага олиш усулларидан биттаси бўлиши мумкин. Чунки 1999 йилги парламент сайловлари ва 2000 йилги Президентлик сайловлари олдидан шундай портлашлар ўтказилган эди. Бу ҳам шу сценарийнинг такрори бўлиши мумкин” .

Хўш, бу портлашлар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уринишларига қанчалик салбий та’сир кўрсатиши мумкин? Бу ҳақда “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари А’зам Турғуновнинг фикрлари мана бундай:

“Албатта энди вазият янада оғирлашади. Чунки бу милицияга яна катта йўл очиб беради. Милиция яна турли баҳоналар қилиб, қонунсиз фаолиятини беш бараварга оширади”.
XS
SM
MD
LG