Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:11

Яна Хизб ут-Таҳрир ҳақида


Хизб ут-Таҳрир ҳақида кўп гапирилган, шундай бўлсада, бу яширин партия тўғрисидаги маълумотлар билан яна бир бор танишишга зарурат пайдо бўлди. Чунки, Тошкентдаги воқеалар учун масъулият Ўзбекистон расмийларига кўра, мана шу ташкилотнинг ҳам зиммасидадир.

Хўш, Хизб ут-Таҳрир қандай ташкилот? Ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш учун бу ташкилот аъзолари террорчилик қилишлари мумкинми?

Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўҳронларнинг Олдини Олиш Халқаро Гуруҳининг Марказий Осиё лойиҳаси Хизб ут-Таҳрирни ҳар томонлама ўрганган ташкилотдир. Бу ташкилот ўтган йилнинг ёзида "Марказий Осиёда радикал ислом: Хизб ут-Таҳрирнинг пайдо бўлишига жавоб", деб номланган кенг қамровли ҳисобот тайёрлаган ва эълон қилган эди.

Ҳисоботда, жумладан мана бу маълумотлар келтирилган:

"Хизб ут-Таҳрир 1950-йилларда Иорданияда, фаластинликлар орасида пайдо бўлган. Партия Яқин Шарқнинг бир қатор мамлакатларида оз сонли, бироқ ўта содиқ тарафдорларига эга бўлди, шунингдек, Ғарбий Европа ва Индонезияда мусулмонлар эътиборини қозонди. Марказий Осиёда бу партия 1990-йилларнинг ўрталарида фаолият юрита бошлади ва унинг, асосан, Ўзбекистонда ҳамда озроқ Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистонда содиқ тарафдорлари пайдо бўлди. Хизб ут-Таҳрир тарафдорларининг сони тўғрисида турли тахминлар мавжуд. Ҳақиқатга яқинроқ рақам - бутун Марказий Осиё бўйича, 15-20 минг кишидир".

Хизб ут-Таҳрир – диний ташкилот эмас. У, кўпроқ, мафкураси исломга асосланган сиёсий партиядир, деб ўқиймиз ҳужжатда.

Хизб ут-Таҳрир аъзолари сиёсий курашнинг усули сифатида зўравонликни инкор этишларини таъкидлайдилар.

Франция Илмий Тадқиқотлар Миллий Марказининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Оливье Руа Озодлик радиосида бўлиб ўтган бир давра суҳбатида мана бу фикрни билдирган эди:
"Хизб ут-Таҳрир зўравонлик ҳаракатларига ҳеч қачон алоқадор бўлмаган. Мафкурасига кўра, бу партия ўта радикалдир, бироқ, улар ҳеч қачон террор ҳаракатларини амалга оширмаган. Шу ерда табиий савол туғилади: агар зўравонликка алоқадор бўлмаса, уларни нима учун қатағон қилиш керак? Хизб ут-Таҳрир, принципда зўравонликка қарши эмас. У ҳозирда зўравонликка қарши. Бироқ, умуман олганда эса, хизбчилар жиҳодни ижобий йўл, деб биладилар".

Шу ўринда яна Бўҳронларни ўрганиш гуруҳи ҳисоботига қайтамиз.

"Бегуноҳ кишиларни ўлдириш Исломий қонунларга зид, деб ҳисоблар эканлар, хизбчилар айни пайтда ўз адабиётларида зўравонликни мафкуравий жиҳатдан оқлайдилар. Партия Яқин Шарқ мамлакатларида муваффақиятсизлик билан тугаган баъзи давлат тўнтаришларига алоқаси борлигини тан олган. Унинг зўравонлик қўллашни мумкин, деб ҳисобловчи гуруҳлар билан ҳам алоқаси бор. Бироқ, ҳукуматларнинг баёнотларига қарамай, бу партиянинг Марказий Осиёда ва бошқа жойларда террористик фаолиятга алоқаси борлигини тасдиқловчи далиллар йўқ", - дейилади ҳисоботда.

Мазкур ҳужжат бундан 9 ой муқаддам эълон қилинган эди. Балки, бугунга келиб, Тошкент воқеалари Хизб ут-Таҳрирнинг зўравонликка алоқадор эканлигига далил бўла олар? Ҳар қалай,
Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори 29 март куни шундай баёнот бердику?!

Бу саволни биз Москвадаги инсон ҳуқуқлари "Мемориал" маркази раҳбари Виталий Пономарёвга бердик. Саволни айнан мана шу экспертга берганимиз бежиз эмас, чунки у раҳбарлик қилаётган ташкилот Хизб ут-Таҳрир аъзолари устидан Ўзбекистонда ўтказилган ҳар бир суд иши, қамалган ҳар бир хизбчи тўғрисида маълумотларни йиғиш ва улар асосида ҳисоботлар тайёрлаш билан шуғулланади.

"Хизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистон Исломий ҳаракати билан қандайдир алоқада эканлиги тўғрисидаги баёнотларда асос йўқ, чунки бу ташкилотнинг ўзига хос мафкураси, сиёсий дастури бор ва у нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам мутлақо мустақил, бошқа исломий ташкилотлар билан сиёсий, боз устига ҳарбий иттифоқ тузмай фаолият кўрсатади", - дейди Виталий Пономарёв.

Яна Бўҳронларни ўрганиш гуруҳи ҳисоботига қайтамиз.

Ҳисобот муаллифлари фикрича, Марказий Осиёда хизбчилар сони ўсиб бормоқда ва бунга минтақа ҳукуматлари, айниқса, Ўзбекистон ҳукумати бошқа соҳаларда олиб бораётган сиёсат сабаб бўлаётир.

"Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўтказилаётган қатағонлар туфайли, - деб ўқиймиз ҳужжатда,- аҳолининг муайян қисми назарида Хизб ут-Таҳрир жозибали бўлиб кўринаётир, сиёсий мухолифатчиликнинг, норозилик билдиришнинг муқобил шакллари бўлмаганлиги шунга олиб келдики, натижада бу партия сиёсий сабабларга кўра жорий режимга қарши бўлганларни ўзига жалб қилиб олаётир".

Ҳужжатда келтирилган мана шу фикр навбатдаги саволни пайдо қилди. Бас, шундай экан, қатағонлардан зада бўлган Ўзбекистондаги хизбчилар бошқа мамлакатлардаги партиядошларидан фарқли ўлароқ, курашнинг радикал усулларини қўллашга ўтган бўлишлари мумкин эмасми?

Бу саволни яна Виталий Пономарёвга бердик.

"Хизб ут-Таҳрир Ўзбекистоннинггина ташкилоти эмас. У бош қароргоҳи мамлакатдан ташқарида бўлган марказлашган сиёсий тузилмадир. Демак, партия стратегияси ва тактикаси Ўзбекистондан ташқарида белгиланади. Бу партия биз кўниккан дунёвий партиялардан кескин фарқланади ва марказий идорада қабул қилинган қарорлар у ёки бу мамлакатдаги вазиятга қараб ўзгартирилмайди", - деди Виталий Пономарёв, "Мемориал" маркази раҳбари.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар вазири Содиқ Сафоев Хизб ут-Таҳрирнинг мафкураси тўғрисида 29 март куни шундай деди:

"Қўлга киритганимиз дастлабки маълумотларда
Хизб ут-Таҳрирнинг экстремистик мафкураси билан бошқа экстремистик идеологиялар ва терроризм ўртасида бевосита боғлиқлик борлигини кўраяпмиз"
.
XS
SM
MD
LG