Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:26

Худкушлик – гуноҳи азим


29 март куни Тошкентда содир этилган иккита портлаш камикадзе аёллар томонидан содир этилгани тўғрисида маълумотлар бор. Ушбу маълумотлар ҳукуматга террорчилик ҳаракатлари “Ҳизб ут-таҳрир” ва ваҳҳобийлик оқимлари вакиллари томонидан содир этилганини даъво қилишга имкон яратди.

Шундай қилиб, Тошкент аҳли илк бор камикадзе аёллар ҳужумига гувоҳ бўлди. Айни пайтда бу аёлларнинг диндор экани айтилмоқда.

Асл мақсад ва маслагини ислом дини билан боғлаётган гуруҳларнинг кураш услуби бўлган камикадзелардан фойдаланишни дин пешволарининг ўзлари қандай баҳолайди?

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Аҳмаджон қори Бобомуродзоданинг таъкидлашича, камикадзелик, яъни худкушлик исломда тўлиқ қораланади. Бу ишга аёлларни жалб этиш эса гуноҳи азимдир. Ҳадисда худкуш ўзини қайси йўл билан ўлдирган бўлса, жаҳаннамда шундай азобга дучор бўлиши айтиб ўтилган.

Тошкент шаҳридаги масжидлардан бирининг имом-хатиби айтишича, сўнгги вақтларда худкушликни шаҳидлик деб аташаётгани ҳам исломга тамоман ётдир. Бундай шахсларга жаноза ҳам ўқилмайди. Исломда бошқа дин вакилларини ўлдириш ҳам қаттиқ тақиқланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари муфтий Абдурашид қори Баҳромов худкушлик, ўз жонига қасд қилиш орқали шаҳидликка даъво қилиш замирида аслида исломга зид бўлган террорчилик ва экстремистик ҳаракатларининг мақсадлари яширинганини маълум қилди.

“Одам ўлдириш исломда катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Белларига портловчи моддалар боғлаб, ўзининг ва бошқаларнинг ҳалокатига сабаб бўлганларга шаҳидлик мақомини бераётган уламолар ким бўлишидан қатъий назар мазкур жиноятларнинг асосий сабабчиларидир. Жиноятчиларга шаҳидлик мақомини берадиган бундай уламолар Аллоҳ ҳузурида гуноҳи азимга ботади”, - деди муфтий.
XS
SM
MD
LG