Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:11

Журналистлар янги уюшмага бирлашади.


Саида Яқинда Тошкентда Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмасининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Айни пайтда журналистларнинг ўзлари бу уюшма тўғрисида турли фикрлар билдирмоқда.

Журналист Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, мамлакатда 20 нафар журналист қамалган пайтда матбуотчилар айни уюшмага эҳтиёж сезган. Қолаверса, журналистлар бошини қовуштирадиган бир ташкилот бўлиши керак эди. Айниқса, уюшмага юқоридан эмас, журналистлар ичидан раис сайланганини ижобий баҳолаш мумкин.

Хўш, ушбу уюшма журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қандай фаолият кўрсатади? Айни пайтда маҳбусликда сақланаётган журналистларни озодликка чиқаришга кўмак бера олади? А.Ташанов бу саволларга жавоб қайтарар экан, агар айни уюшма шу масалаларда журналистларга ёрдам бера олмаса, ўзини оқламаслигини таъкидлади.

Уюшма бошқарув кенгаши аъзолари ҳукумат нашрлари бош муҳаррирлари эканини ҳисобга олиб, айрим кузатувчилар янги ташкилот самара келтиришига шубҳа билан қарамоқда. Чунки, уларнинг айтишича, бу шахслар бош бўлган газеталарда демократиянинг учқунини ҳам кўриш мумкин эмас. Шундай экан янги ташкилотдан бирор ижобий қадам кутмаса ҳам бўлади.

Мустақил журналист Сардор Ҳакимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳар қандай журналистик ташкилот тузилмасин, у журналистлар манфаати учун хизмат қила олмайди.

“Матбуот эркин бўлмаган мамлакатда журналистларни ҳимоя қиладиган уюшма ҳам ҳеч қачон эркин фаолият кўрсата олмайди. Уюшма бошқарув кенгашига сайланганлар ҳам ёш журналистларга эркин матбуот йўлини кўрсатиб бера оладиган шахслар эмас”, - деди С.Ҳакимов.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев бугунги кунда ўзини янги уюшманинг келажакдаги фаолияти эмас, балки уни тузишга қандай зарурат бўлгани қизиқтираётганини билдирди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда шу пайтгача ҳам бир неча журналистлар ташкилоти фаолият кўрсатган, лекин бу фаолият жуда самарасиз бўлган. Янги уюшма ҳам журналистлар ишида ўзгаришлар ясашига умид йўқ.

А.Аннаев журналистлар ташкилотлари сонини кўпайтириш ёки қисқартиришга эмас, балки мамлакатда матбуот эркинлиги учун шароит яратишга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG