Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:58

Марказий нашрлар шарҳи.


“Ҳуррият” газетасининг 24 март кунги сонида “Журналистлар ижодий уюшмаси: бу – зарурат” сарлавҳаси остида “Тошкент ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Фатҳиддин Муҳиддинов билан ўтказилган суҳбат эълон қилинди.

Ушбу суҳбат чоғида “Журналистлар уюшмаси давр талабими?” деган саволга Ф.Муҳиддинов шундай жавоб беради:

“Уни нафақат давр талаби, балки том маънодаги зарурий эҳтиёж сифатида қабул қилмоқ керак. Аксарият ҳамкасбларимиз ижодий уюшма келгусида миллий матбуотимизни демократиялаштириш, сўз салмоғини ошириш, журналистларимизнинг маънавий, моддий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда катта куч, таянч бўлажагига катта умид билдиришмоқда”.

Ички ишлар вазирлиги нашри бўлмиш “Постда” газетасининг 25 март сонида “Бурч ва масъулият” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада Ўзбекистон Конституциявий суди раиси Бўритош Мустафоевнинг қуйидаги сўзлари келтирилган:

“Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларда оммавий ахборот воситалари ҳам алоҳида ўрин тутади. Яъни одамлар, кенг жамоатчилик нафақат одил судлов, суд ҳокимияти мавжудлигини билиши, балки унинг ишини кўришлари, доимий кузатиб боришлари, лозим бўлганда, унинг ишида иштирок этишлари керак”.

Аммо суд-ҳуқуқ органларидан маълумот олишга уринган журналистлар ҳам, ҳатто судга иши тушган фуқаролар ҳам суд ишларига доир ахборотларни тўлиқ ёки умуман олишга муваффақ бўлмаслигини аксарият кузатувчилар ва мустақил манбалар эътироф этади.

“Халқ сўзи” газетасининг 23 мартдаги сонида журналист Фурқат Санаевнинг “Бюджет ҳисобидан саховат” сарлавҳаси мақоласи эълон қилинди. Унда шундай сўзлар бор:

“Аён бўлишича, айрим қурилиш ташкилотлари раҳбарлари бирни ўнга пуллаб, бюджет маблағларини талон-тарож қилишмоқда. Пинҳоний ўйинлар сирини билмаганлар эса “бу бинонинг битиши жуда чўзилиб кетди-да”, дея давлатдан ўпкалашяпти. Ўтган йил давомида бюжет маблағларини талон-тарож қилган мансабдор шахслар устида 101 та жиноят иши қўзғатилган ва 236 нафар шахс жавобгарликка тортилди”.

Бу ўринда изоҳга ҳожат йўғ-у, аммо табиий бир савол туғилади. Ўша жиноятчи мансабдорларнинг ҳеч бўлмаганда, қайси бўғин раҳбарлари эканидан газетхон қачондир хабар топармикан?
XS
SM
MD
LG