Линклар

Цензура йўқ, танқидий материал ҳам.


Маълумотларга кўра, Хоразмда 2 та вилоят, 12 та туман, 2 та мустақил, 12 та тармоқ газеталари нашр этилади. Бундан ташқари, 2 журнал ва бир телерадиокомпания ҳам бор. Маҳаллий журналистлардан бирининг айтишича, журналистларнинг ойлик маоши камлиги уларнинг халқ ўртасидаги обрўсига путур етказмоқда. Мухбир хўжаликка борадиган бўлса, одамлар ундан қочадиган бўлиб қолган. Чунки айрим журналистлар маоши камлиги туфайли таъмагирлик билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда.

Журналистнинг эътирофича, қалам аҳли танқидий мақола ёзишдан чўчийди. Чунки бундай журналистлар раҳбарларга ёмон кўриниб қолади. Ҳатто уларга тазйиқ ҳам ўтказилиши мумкин.

“Хоразм ҳақиқати” газетаси бўлим бошлиғи Оллоберган Ражабов сўнгги вақтларда раҳбарлар ОАВга интервью беришдан ўзини олиб қочаётганини билдирди. Унинг айтишича, материал қилиш учун бирор хўжаликка борилса, раҳбарни топиш жуда қийин бўлади. Чунки раҳбар идорада бўлмайди. Бироқ раис ҳокимга керак бўлиб қолса, у дарҳол топилиб ҳам қолади.

Журналистлардан бирининг айтишича, мамлакатда цензура расман бекор қилингани билан бу ишни бажариш бош муҳаррирлар зиммасига юкланган. Бу эса цензура янада кучайишига олиб келган. Улар жиддий материалларни беришдан чўчийди. Мақтов мақолаларга эса кенг йўл очилган. Оқибатда аҳолининг газеталардан кўнгли совушган.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Улуғбек Исмоилов эса цензура мавжудлиги тўлиқ инкор қилди.

“Бугунги кунда ахборот олиш ва тарқатишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Журналистларнинг самарали ишлаши учун барча шароитлар яратиб бериляпти. Вилоятдаги барча газеталар компьютерлар, Интернет алоқаси билан таъминланган”, - деди у.
XS
SM
MD
LG