Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:42

Ҳукумат қарори ёймачини ҳам четлаб ўтамади.


Турғунбек Ўзбекистонда кўча-куйда, бозорлар, йўллар яқинида майда-чуйда товарлар сотиб ўтирадиган ёймачиларни ҳамма жойда учратиш мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 мартда қабул қилинган бозорда савдо-сотиқни тартибга солиш тўғрисидаги 330-қарори уларни ҳам четлаб ўтмайди.

Фарғона шаҳрида яшовчи 70 ёшли Фазилатхон Қорабоева бир неча йиллардан бери кўча ёқасида майда-чуйда сотиш билан кун кечиради. Унинг айтишича, ёймачилик билан шуғулланаётганларнинг аксарияти кўп болали аёллардир. Ўзининг ҳам саккизта фарзанди бор. Улардан биттасигина ишлайди, яъни қоровуллик қилади.

Сабоҳатхон Раҳмонова ҳам ўзи ногирон, тўртта боласи борлигини, рўзғор юритиш учун ёймачилик қилаётганини айтади.

Ёймачиларнинг таъкидлашича, бир йил муқаддам Вазирлар Маҳкамасининг 330-қарори чиққандан сўнг уларга ҳам тинчлик бўлмай қолган. Милиция ходимлари ва солиқчилар уларнинг савдо қилишига қаршилик кўрсатяпти.

Кўпчилик ёймачиларнинг сўзларига қараганда, улар ҳам ишлашни хоҳлайди. Лекин завод ва корхоналар ишламагани учун бунинг иложи йўқ.

“Аёл киши, айниқса, ўзбеклар учун кўчада ўтириб савдо қилиш орият ҳисобланади”, дейди улар.

Фарғонадаги деҳқон бозорининг атрофида жуда кўплаб ёймачиларни учратиш мумкин. Лекин улар негадир бозорнинг ичига кириб савдо қилмаяпти. Ёймачилар бозорда савдо қилиш учун патта пули ва солиқ тўлашга имкони йўқлигини таъкидлайди.

“Фарғона шаҳри деҳқон бозори” очиқ акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Одил Арслонқулов айтишича, ёймачиларни бозор ҳудудида савдо қилишга кўндириш учун улар орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари Фарғона вилояти бўлими раиси Абдусалом Эргашевнинг таъкидлашича, 330-қарорнинг ижобий жиҳатлари ҳам бор. Бунинг натижасида бозорлар анча ободонлашган. Лекин бу қарор сармояси кам бўлган савдогарларга, бошқача айтганда, ёймачиларга катта зарба бўлган. Чунки улар патта пули, солиқни тўлашга кўп ҳолларда қодир эмас.

“Озодлик” мухбири мавзуни ёритиш чоғида Фарғонадаги деҳқон бозори атрофидаги ёймачилар ишларини бир муддат кузатиб турди. Ёймачилар солиқчи ёки милиция ходими яқинлашаётгани кўриши билан молларини қопга солиб, уларнинг кетишини кутиб тургани ҳолларига гувоҳ бўлди.
XS
SM
MD
LG