Линклар

Хоразмликлар қизини “сотади”.


“Қизимни сотдим”, дейди фарзандини турмушга узатаётган хоразмлик ота-оналар. Бугунги кунда Хоразмда қиз чиқарганда қалинига, ривоятларда айтилганидек, сурув-сурув қўй ва туя берилмаса-да, ҳар ҳолда муайян ҳақ тўланади.

Одатга кўра, Хоразмда қиз учун эмас, балки келин учун сарпо йиғилади. Ўғил фарзанд мучал ёшига етгач, ота-она бўлажак келин учун сарпо йиғишни бошлайди. Бу одат шу қадар қон-қонга сингиб кетганки, ўзлари яхши еб-ичмаса ҳам келин учун сарпо йиғишни шарт ҳисоблашади.

Айрим маълумотларга кўра, Хоразмда энг катта қалин пули Гурлан туманида тўланади. Гурланлик Шакаржон опанинг айтишича, қалин пули бир миллион сўм атрофида бўлади. Энг “арзон” қизлар эса шаҳарликлар ҳисобланади. Урганчда бир қиз учун 50 мингдан 100 минггача қалин тўланади. Янгиариқда эса қизга бериладиган кийим-кечаклардан ташқари 400 минг сўмгача қалин тўлашга тўғри келади. Қалин пули фотиҳа тўйи куни қизнинг ота-онасига берилади.

Гурландаги одатга кўра, фотиҳа тўйи куни куёв тараф олиб келган сандиқда 60 метр чит, 50 метр ҳар турдаги кийимликлар, 2 та костюм-шим, 15 та эркаклар кўйлаги ва қудалар учун қимматбаҳо сарполар бўлади. Бўлажак келинни “кийинтириш” маросими ҳам ажойиб удум. Бунда бўлажак келин куёвнинг амма-холалари билан биргаликда бозорга боради. Бу ерда унга лаб бўёғидан тортиб, пальто ва этигигача олиб берилади.

Янгиариқлик Шоҳсанамнинг айтишича, келинни “кийинтириш” учун бир миллион сўмгача маблағ сарфланади. Боғотда эса бу удум куёв томонга 1,5 миллион сўмгача тушади.

Айрим кузатувчиларнинг таъкидлашича, “кийинтириш” борасида қудаларнинг ўзаро келишмаслиги айрим ҳолларда тўйнинг тўхтатилиши билан ҳам якунланади.

Ўз навбатида, келин томоннинг ҳам ўз қизига атагани бўлади. Одатда келинга ота-онаси бирор турдаги мебель совға қилади. Шу билан бирга, бешик тўйининг барча харажатлари келин томоннинг зиммасига тушади.

Бундай катта харажатлар оқибатида тўйдан кейин оилалар қийин иқтисодий аҳволга тушиб қолиши кўп кузатилади. Қизилравотлик Салима опанинг ўғил уйлантирганига яқинда бир йил бўлади. Опанинг айтишича, у тўй ўтказиш учун қариндош-уруғлардан катта қарз кўтарган. Энди эса шу қарзларни тўлаш билан овора. Бунинг учун оиланинг катта ейиш-ичишдан тийилишига тўғри келяпти.

Тўй ўтказишнинг бундай катта сарф-харажатларга олиб келаётгани натижасида Хоразмда оталарнинг туғилган фарзанди ўғил бўлмаганидан хафа бўлиши ҳоллари ҳам камайиб кетган.
XS
SM
MD
LG