Линклар

Ўзбекистон матбуоти “мум тишлаган”ми?


Шайбон “Озодлик” мухбири шу кунларда Ўзбекистон пойтахти Тошкентда кечаётган воқеаларнинг маҳаллий матбуотда, асосан, газеталарда қандай ёритилаётганини ўрганди.

Деярли барча марказий нашрларда 29 март куни юз берган воқеалар хусусида расмийлар томонидан эълон қилинган дастлабки маълумотлар чоп этилган. 30 март кунги воқеалар ҳақида эса бир энлик расмий хабар бериш билан чекланилган. Аммо нашрларда бошқа тафсилотлар учрамайди.

Ўзини таништиришни истамаган маҳаллий журналистлардан бири матбуотдаги бундай ҳолат хусусида фикр билдириб, шундай деди: “Ҳақиқатан ҳам матбуотда очиқлик кўринмади. Журналистлар ҳатто воқеа жойига ҳам яқинлаштирилмаган. Балки матбуотнинг ўзини бундай тутиши халқнинг ваҳимага тушмаслигини кўзлаб қилингандир. Лекин халқ барибир ҳамма нарсани биладику!?”

Маҳаллий журналистларнинг сукунати марказий телевидениенинг янгиликлар дастурларида ҳам яққол сезилиб турди. Журналист Эльмира Ҳасанованинг таъкидлашича, телевидение журналистлари юқорининг кўрсатмаси, яъни Президент девони масъуллари изнисиз ҳеч қандай маълумотни бера олмайди. Чунки “Ахборот” дастури тўла-тўкис девон томнидан назорат қилинади.

Айни пайтда, Э.Ҳасанованинг билдиришича, айрим журналистлар мустақил тарзда маълумот олишга уриниб кўрган.

“Аммо шаҳар шифохоналари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларга маълумот беришни рад этди. 29 март куни ўтказилган фавқулодда матбуот анжуманига ҳам бир қанча маҳаллий журналистлар киритилмаган. Уларга барча маълумотни Миллий ахборот агентлигидан (ЎзА) олишлари айтилган. Яъни ахборот олиш монополиялаштирилган. Шундай бўлса-да, ЎзА ҳам юқорининг рухсатисиз ҳеч қандай маълумот бермайди”, деди Э.Ҳасанова.

Расмийлар Ўзбекистонда рўй бераётган воқеалар хусусида ахборот олишга тўсқинлик борлигини рад этмоқда. Уларнинг айтишича, маҳаллий ахборот агентликлари бу ҳақда етарли маълумотлар тарқатмокда.

Аммо мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, мавжуд вазият бўйича тўлиқ маълумотлар мутлақо тарқатилгани йўқ. Масалан, 30 мартда Тошкентда юз берган отишмалар, бу отишма юз берган ҳудуддаги тинч аҳоли билан боғлиқ маълумотлар ошкор этилмаган.

Унинг фикрича, бундай ҳолатларда барча тузилмаларнинг ҳаракатлари тўғрисида ахборот бериб турадиган матбуот маркази ишлаб туриши ва воқеалар хусусида доимий маълумот бериши лозим эди. Ўшанда ахборот танқислиги ўз-ўзидан йўққа чиқарди.

“Ахборот” дастурининг 30 март куни эфирга узатилган кечки сонида Россиядаги айрим оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги воқеалар хусусида нохолис ахборот тарқатгани танқид қилинди. А.Аннаевнинг таъкидлашича, Россия матбуоти агар бирор нотўғри ахборот берган бўлса, бунга Ўзбекистон томони айбдор. Чунки россиялик журналистлар ахборот танқислигига дуч келгандан кейин миш-мишлар асосида маълумот беришга мажбур бўлган бўлиши мумкин.

Чиндан ҳам Ўзбекистонда рўй бераётган воқеалар юзасидан расмий маълумотга эга бўлиш тобора қийинлашиб бормоқда. Биргина 30 март куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Бойжигит шаҳарчасида олиб борилган махсус жанговар операция ҳақидаги расмий маълумотни қўлга киритиш учун кечки саккиз яримгача кутишга тўғри келди. Бевосита воқеа жойига борган журналистлар эса милиция ходимларининг қаршилигига учради.

“Бизнинг ҳукумат ва расмий ОАВ ҳар қандай террорчидан ўтиб тушади. Зеро, айнан ахборот берилмаслиги одамлар орасида турли миш-мишлар тарқалишига, кучли хавотир пайдо бўлишига олиб келади. Метро портлаганмиш, боғчадаги болалар гаровга олинганмиш, янги ҳужумлар тайёрланаётганмиш каби миш-мишлар халқни саросимага солиб қўйиши ҳеч гап эмас”, деди маълумот танқислиги хусусида фикр билдириб журналист Э.Ҳасанова.

Прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари мавзу юзасидан фикр билдиришни истамади. Улар барча маълумотлар 30 март куни “Ахборот”да айтиб ўтилганини таъкидлаб, қўшимча изоҳ билдиришни рад этди.
XS
SM
MD
LG