Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:45

Покистон ҳукумати Ал-Қайда террорчиларини таъқиб қилиш муваффақиятли тугаганини эълон қилди.


Покистон армияси мамлакатнинг Афғонистон билан чегарадош Вазиристон вилоятида Ал-Қайда жанггариларини қуршовга олиб, уларни тугатиш операцияларини якунлаганини эълон қилган эди. Покистон армияси вакиллари ушбу ҳарбий амалиётлар давомида Ал-Қайда жанггарилари сафида ўзбеклар, хусусан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ва унинг раҳбари Тоҳир Йўлдош ҳам бўлгани билдиришди. Бироқ уларга кўра, Тоҳир Йўлдош ярадор ҳолда қочишга муваффақ бўлган. Ҳамкасбим Ҳасанжон минтақашунос Аҳмад Рашид билан Вазиристондаги ҳарбий амалиётлар натижалари хусусида суҳбатлашди.

Покистон расмийлари мамлакатнинг Афғонистон билан чегарадош Вазиристон вилоятида армия қисмлари амалга оширган ҳарбий амалиётлар мақсадига эришгани эълон қилдилар.
Бироқ мазкур операцияларда Ал-Қайда террор тармоғининг биронта ҳам юқори лавозимли раҳбари қўлга олингани йўқ.

Покистон расмийларига кўра, ўн кундан ортиқ давом этган тўқнашувларда Покистон армиясига қаттиқ қаршилик кўрсатган Ал-Қайда жанггарилари сафида чечен ва ўзбек миллатига мансуб жанггарилар, хусусан, Ўзбекистон Исломий Ташкилоти аъзолари ва унинг раҳбари Тоҳир Йўлдош ҳам бўлган. Бироқ, Йўлдош шиддатли отишмалар пайтида яраланган ва минтақадан қочишга муваффақ бўлган. Душанба куни бўлиб ўтган матбуот конференциясида Покистон армияси матбуот вакили генерал Шавкат Султон шу ҳақда гапириб:

”Ал-Қайдадаги ўнинчи юқори лавозимли шахс ҳисобланган жаноб Тохир Йўлдошев ҳамтовоқлари билан яраланган ва ҳозир қаердадир яшириниб юрибди. Ал-Қайда разведкаси бошлиғи Абдуллоҳ – менга фақат унинг исми Абдуллоҳ экани маълум – тўқнашувлар пайтида ўлдирилгани ҳақидаги маълумот ҳам тасдиқланди“, - деди генерал Шавкат Султон.

Марказий Осиё бўйича покистонлик тахлилчи Аҳмад Рашид Озодлик радиосига Покистон ҳарбийлари Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош қаердалиги тўғрисида маълумотлар бермаётганларини билдирди:

”Покистон ҳарбийлари Тоҳир Йўлдош яралангани ва қочишга муваффақ бўлгани, ҳозирда у яшириниб юргани, шунингдек, армия ва махсус кучлар уни қидириб топишга ҳаракат қилаётгани ҳақида аввал айтилган гаплардан бошқа янги маълумот эълон қилганлари йўқ. Аммо, кўпчилик Тоҳир Йўлдош Афғонистон ҳудудларига қочиб ўтган бўлиши мумкин, деган фикрда“, - дейди Аҳмад Рашид.

Покистон ҳарбийларига кўра, Вазиристон вилоятидаги ҳарбий амалиётлар давомида ўнлаб жанггари ўлдирилган ва бир юз элликдан ортиқ жанггари асир олинган. Уларнинг тахминан ярмини чет эл фуқаролари ташкил этади.

Аҳмад Рашиднинг Озодлик радиосига маълум қилишича, Покистон ҳарбийлари асир олинган жанггарилардан қанчаси ўзбек миллатига мансуб эканини ошкор этмаганлар:

”Ҳукумат расмийлари 63 жанггари ва маҳаллий одам қурбон бўлгани ва 160 жанггари асир олинганини, уларнинг қарийб ярми чет эл фуқароси эканини эълон қилди. Бироқ улар қайси мамлакат фуқаролари эканини ошкор этмадилар “, - дейди Покистонлик тахлилчи.

Ўзбекистонда сўнгги уч кун ичида юз берган портлашларга Ўзбекистон Исломий Ҳаракати алоқадор бўлиши мумкинми, деган саволга Аҳмад Рашид шундай жавоб берди:

”Менимча бу ҳужумларга ким алоқадорлигини айтишга вақт ҳали эрта. Албатта Ўзбекистон Исломий Ҳаракати шубҳа қилинаётганлардан бири бўлиши мумкин. Ҳаракатнинг Ўзбекистондаги жанггарилари Тоҳир Йўлдошга қарши кампания олиб бораётган Ўзбекистон, Покистон ва АҚШ ҳукуматларига бу гуруҳ ҳали йўқ бўлмагани ва фаолиятини давом эттираётганини билдириб қўйиш учун мазкур ҳужумни амалга оширган ҳам бўлишлари мумкин“, - дейди Покистонлик таҳлилчи.

Маълумки, 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин Ўзбекистон Покистон каби халқаро терроризмга қарши курашда АҚШнинг яқин иттифоқчисига айланди.

Ўзбекистонда рўй берган портлашларга изоҳ берган Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Содиқ Сафоев бу Ўзбекистонни халқаро аксил террор коалициясидан чиқаришга қаратилган ҳаракат эканини баён қилди:

”Бугун биз халқаро террор коалициясини бузишга уринишлар рўй бермоқда, дея оламиз. Нишон бежиз танланмаган“, - дейди Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Сафоев.

Бироқ Покистонлик таҳлилчи Аҳмад Рашид фикрича, бу ходисалар, аксинча, халқаро терроризмга қарши курашда иштирок этаётган давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Маълумки, яқин кунлар ичида АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистонга 50 миллион доллар миқдордаги ёрдам ажратиш-ажратмаслик масаласини муҳокама этиши кутилмоқда. Аҳмад Рашидга кўра, Тошкентда содир этилган портлашлар, чамаси АҚШни Ўзбекистон ҳукуматига молиявий ёрдам беришга ундайди:

”Тошкент портлашларидан кейин чамаси АҚШ Ўзбекистон ҳукумати билан янада яқинлашади ва республикага молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги ҳужжатни ратификация қилади“, - дейди покистонлик минтақашунос Аҳмад Рашид.
XS
SM
MD
LG