Линклар

logo-print

Марказий Осиёдаги ядровий ва заҳарли чиқиндиларнинг минтақага таҳдиди.

  • Ҳасанжон

“Тоза табиат” рукнининг навбатдаги сонида Марказий Осиё республикаларидаги ядровий чиқиндиларнинг атроф-муҳит ва одамлар саломатлигига солаётган таҳдиди ҳақида сўз боради.

Совет Иттифоқи даврида Марказий Осиёнинг деярли барча республикалари мамлакат ҳарбий қудратини оширишга қаратилган уранни бойитиш дастурларида иштирок этган. Ўзбекистон ва Қозоғистонда бу амалиёт ҳозиргача давом этмоқда, бироқ энди бу тижорат мақсадларига қаратилган. Ҳар қандай ишлаб чиқаришда бўлгани каби уранни бойитишда ҳам турли зарарли чиқиндилар ажраб чиқади. Аммо уларни замон талаблари даражасида сақлаш минтақа давлатларида молия етишмаслиги сабабли, муаммо бўлиб қолмоқда.

Совет Иттифоқи даврида барча ядровий синовлар асосан Қозоғистон ҳудудларида ўтказилган. Шу боис Қозоғистон МО республикалари орасида экологик нуқтаи назардан энг кўп зарар кўрган республика ҳисобланади. Мутахассисларга кўра, ядровий синовлар тўхтатилганига қарамай, Семипалатинск ва унга қўшни вилоятлар радиоактив моддалар билан ифлосланган ҳолида қолмоқда. Аҳоли эса заҳарланган майдонларда чорвачилик билан шуғулланмоқдалар.

Бундан ташқари, иқтисодий оғир вазиятда ҳаёт кечираётган баъзиларнинг ёпиб қўйилган ташландиқ эски конларни очиб, у ердан турли рангли металлар излаётгани ҳам кўпчиликда ташвиш туғдирмоқда.

Ядровий чиқиндилардан ташқари Марказий Осиё республикаларида атроф-муҳит ва одамлар саломатлигига радиологик тахдид ҳам мавжуд.

Британиядаги Лийдз Университети докторанти Токжан Кассеновага кўра, ишлаб чиқаришнинг айрим тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт соҳасида қўлланиладиган турли қурилма ва асбоб-ускуналар, жумладан рентген аппаратлари ҳам нурланиш манбаси бўлиши мумкин. Кассеновага кўра, бундай аппаратлар хизмат муддатини ўтаганидан кейин қўпинча қатъий назорат остида зарарсизлантирилмай қолиб кетмоқда. Ўз навбатида бу, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин кўплаб корхона ва ташкилотлар инқирозга юз тутди, бошқа кўплари эса хусусийлаштирилди. Кассенованинг Озодлик радиосига айтишича, мазкур жараён давомида нур тарқатувчи турли асбоб-ускуна ва аппаратлар йўқолган ёки назоратсиз қолиб кетган.

“Кўп сондаги мана шундай асбоб-ускуна ва аппаратлар рўйхатга олинмагани, турли сабабларга кўра йўқолгани, ҳозирда Марказий Осиё республикалари учун яна бир муаммо ҳисобланади. Чунки айни шундай ускуналар ҳам одамлар саломатлиги ва атроф-муҳит хавфсизлигига тахдид солмоқда ”, - дейди Кассенова.

РИА Новости ахборот агентлиги яқинда тарқатган хабарга кўра, ҳозирда биргина Қозоғистоннинг ўзида 20 миллиард тонна турли хил зарарли чиқиндилар тўпланиб қолган. Улардан 230 миллион тоннаси радиоактив модда ҳисобланади.

Қозоғистон Парламентининг бир гуруҳ депутатлари яқинда “Чиқиндилар Тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқдилар. Депутатлар фикрича, ишлаб чиқариш чиқиндиларининг йиғилиб қолиши ва уларнинг ишлатилиши Қозоғистондаги экологик хавфсизликка асосий таҳдидлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли “Чиқиндилар Тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муаллифлари чиқиндилар тақдирини хал этиш масъулиятини қонун йўли орқали мазкур чиқинди эгалари зиммасига юкладилар.

Ядровий ва бошқа захарли чиқиндиларни сақлаш МОдаги яна бир республика – Тожикистонда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Фуқаролар урушини бошидан кечирган Тожикистонда бу муаммони ҳал этиш учун, айтилишича, маблағ етишмайди. Шу сабаб радиоактив ва заҳарли чиқиндилар одамлар ва атроф муҳит хавфсизлилига бемалол таҳдид солмоқда. Душанбедаги ҳамкоримиз Ҳабибулло Ботиров “Тоза табиат” рукни у-н йўллаган бугунги лавҳасида ана шу муаммо ҳақида сўз юритади.
XS
SM
MD
LG