Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:33

Ғарб матбуоти Ўзбекистондаги воқеалар ҳақида


Ўзбекистонда уч кун давом этган ва 23 киши ўлимига сабаб бўлган бомба ҳужумлари дунё ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Марказий Осиёнинг ушбу собиқ совет давлатига қаратди. Ғарб матбуотида Тошкент воқеаларига оид кўплаб мақолалар эълон қилинди.

Шархимизни "Лос Анжелес Таймс" газетасида эълон этилган мана бу мақоладан бошласак. "Ўзбекистонда кўнгилсиз акс-садо", номли мақола шундай сўзлар билан бошланади: "Ўзбекистон Совет Республикаси бўлганида Ислом Каримов унинг қаттиққўл коммунист раҳбари эди. Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг эса, 66 яшар собиқ муҳандис ва иқтисодчи коммунизмдан воз кечди, аммо авторитар бошқарувни сақлаб қолди".
Газетанинг ёзишича, 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён Каримов қаттиққўллик бошқарув йўли билан матбуот устидан цензура ўрнатди, мухолифат фаолиятини чеклади ва шу тариқа мамлакатни иқтисодий танглик сари элтмоқда. "Каримовнинг ўзбек фуқароларини қийнашни бас қилиши ва мамлакатда очиқ жамият қарор топтириши учун Қўшма Штатлар ва Европа Тошкент раҳбарига босим қилишда давом этишлари керак" - деб ёзади "Лос Анжелес Таймс".
Тошкент ва Бухородаги портлашларда Каримов исломий экстремист гуруҳларни, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири эса халқаро террорчиларни айблади. Аммо мақола муаллифи фикрича, Ўзбекистондаги мавжуд режим душманлари фақат террорчилар ва экстремистларгина эмас. "Каримовнинг қаттиққўл сиёсати экстремистлар сафи кенгайишига восита бўлди. Сиёсий мухолифатнинг таъқиқлангани ўзгача фикрни яширин ҳаётга мажбур қилди ва Каримов рақибларидан айримларининг радикаллашув эҳтимолини кучайтирди", - деб ёзади газета.
Икки йил аввал Каримов сиёсий гуруҳлар ва ноҳукумат ташкилотларига эркинлик беришни ваъда қилган эди. Аммо, амалда бунинг акси кузатилмоқда, дер экан "Лос Анжелес Таймс" мухбири, Ўзбекистонда ҳали ҳам сиёсий партия ва ноҳукумат ташкилотларининг рўйхатдан ўтишларига йўл қўйилмаётгани, инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар систематик тус олаётгани, баъзи холларда у ердаги махбуслар қийноқ оқибатида ҳалок бўлаётганидан бонг уриб келаётганини тилга олади.
Ўтган йил Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки Ўзбекистонга берилажак кредитлар эвазига Тошкент раҳбариятидан сиёсий ва иқтисодий соҳаларда ислоҳотлар ўтказишни талаб этган эди.
Бироқ, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари баёнотларида Ўзбекистон раҳбариятида бундай ислоҳотлар сари интилиш кузатилмаётгани таъкидланади. "Каримов ислоҳотларни бошламас экан, Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки кредитлар беришни тўхтатиши, Қўшма Штатлар ҳам бу давлатга берилажак ёрдам миқдорини камайтириши керак. Агар Каримов репрессиялари Ўзбекистонда хаос яратиб, уни террорчилар қўрғонига айлантирса, ўз фуқароларини қийноққа солувчи ҳукумат билан иттифоқчилик Вашингтонга зиён етказади", - деб ёзади "Лос Анжелес Таймс".

Британияда чиқадиган "Индепендент" газетаси мухбири Энн Пенкэт эса ўз мақоласини "Қийноқлар ва сиёсий махбусларга аҳамият берманг, у Бушнинг одами", деб номлади. Мақола бошидаёқ,"Бушнинг одами" Ислом Каримов экани ойдинлашади.
Энн Пенкэт ўз мақоласида Ислом Каримов қашшоқлик даражасига тушиб қолган Ўзбекистонни диктатор сифатида 15 йилдан бери бошқариб келаётгани, уни минтақадаги энг мустабид раҳбар деб айтишга эса фақат Туркманбоши Сапармурат Ниёзовгина соя солаётганини ёзади. Бироқ, Каримовнинг ҳам ўз мухолифларини қийноқларга солиш, сўз эркинлигини бўғиш ва ўзгача фикрловчиларни қамоққа ташлашда Ниёзовдан қолишмаслиги, таъкидланади мақолада.
Шунингдек, Энн Пенкэт ўз мақоласида собиқ Полютбюро аъзоси бўлган Ўзбекистон раҳбарининг 1991 йилдаги маърузасини ёдга олади. "Каримов ўз севимли Совет Империяси қулаган 1991 йилда: "Агар биз Совет Иттифоқи таркибида қолсак, дарёларимиз сут бўлиб оқади. Агар Иттифоқ таркибидан чиқсак, дарёларимиз қонга тўлади", - дея башорат қилган эди".
Сал ўтмай Каримов бир қўлини Қуръонга, иккинчи қўлини конституцияга қўйиб ҳокимиятга келди. Кўп ўтмай унинг бошқаруви исломий кучлар қаршилигига учради ва 1999 йилда унга қарши суиқасд уринишлари бўлди.
АҚШдаги 2001 йил 11 сентябр ҳужумлари, ундан сўнг бошланган аксил-террор уруши ва Жорж Буш туфайли Каримов ўзининг нимага қодир эканини кўрсатишга ўтди. "Бир партия хукмрон бу давлатдаги инсон ҳуқуқлари бузилишларига қарамай, бундан сўнг ҳам жаноб Каримов Буш мамуриятининг Марказий Осиёдаги одами сифатида қоладиган кўринади", - ўқиймиз Индепендент газетасидаги мақолада.
XS
SM
MD
LG