Линклар

logo-print

Очиқ мулоқот қилиш пайти келмадими?

  • Сарвар Усмон

Шу кунларда сиёсатшунослар Тошкент воқеаларининг таҳлили билан банд. Ўзбекистон раҳбарияти- нинг бошқарув услуби авторитар экани, мамлакатда сиёсий мухолифат таъқибу тазйиқлар исканжасида қолгани, аҳоли ўз норозилигини тинч йўллар билан билдириш имкониятидан маҳрум этилгани, таҳлилчиларнинг аксарияти фикрича, юз берган фожиага асосий сабаб бўлди.

Минтақадаги бошқа мамлакатлар, хусусан, Қозоғистон ва Қирғизистонда сиёсий режим Ўзбекистондагидан бироз юмшоқроқ. Бироқ, бу мамлакатлардаги сиёсий мухолифатнинг энг ёрқин лидерлари қамоққа ташланган.

Ўқиётганингиз материални "Турмалардан дараклар", деб номласак ҳам бўлар эди.

Гапни Ғалимжан Жақияновдан бошламоқчимиз.
2001 йилнинг кузида тузилган Қозоғистон Демократик Танлови ҳаракати лидери, Павлодар вилоятининг собиқ ҳокими Ғалимжан Жақияновнинг ҳаракат тузилганидан бир неча ой ўтиб, қамалганидан, ўшандан кейин унинг атрофида бўлаётган гап-сўзлардан Сиз тингловчини ўз вақтида хабардор қилиб келаяпмиз.

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси - Мажлис депутати, Қозоғистон Коммунистик партияси Биринчи котиби Серикбўлсин Абдилдин яқинда Қусмурун қамоқхонасида бўлиб, у ерда Ғалимжан Жақиянов билан учрашди.

Депутатнинг айтишича: "Турма назоратчилари бошқа аристонларни Ғалимжан Жақияновга қарши гиж-гижламоқдалар. Бу ҳаракатлардан мақсад, уларнинг қўли билан Жақияновга тан жароҳати етказиш, унга қарши бошқа иғволарни амалга оширишдир. Маъмурлар аристонларга "Жақиянов шу турмада экан, сенларга тинчлик бўлмайди", - деганлар. Яқинда Ғалимжанни уриб, бурнини пачоқ қилганлар.

Минтақадаги сиёсий мухолифатнинг қамоқда сақланаётган лидерларидан яна бири Қирғизистон Республикасининг собиқ вице-президенти, собиқ Ички Ишлар ва Хавфсизлик вазири ҳамда Бишкек шаҳрининг собиқ ҳокими, мухолифатдаги
"Ор-номус" партияси лидери Феликс Қуловдир. У ҳам бир неча йилдан буён қамоқда сақланмоқда.

"Ор-номус" партияси раисининг муовини Эмил Алиев яқинда АҚШга қилган сафаридан қайтиб, Феликс Қулов билан учрашишга ҳаракат қилган. Бироқ, маъмурлар бунга рухсат бермаган ва партия лидери билан унинг муовини хат орқали боғланган. Эмил Алиев Қуловга унинг қочқинлик мақоми билан Америкада яшаётган оиласи бериб юборган хат ва суратларни киритган.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Эмил Алиев, Феликс Қуловдан жавоб хати олганлигини, ўз мактубида у нафақат мухолифатчиларни, балки бутун халқни, бирлашишга чақирганини айтган.

"Қулов шу кундаги энг зарур иш сифатида мухолифатнинггина эмас, балки бутун халқнинг бирлашиши зарурлигини таъкидлаган. Биз, агар, Қирғизистонни яхши йўлга солишни истасак, ҳаммамиз бирлашишимиз зарур, деб ёзди ўз хатида Феликс Қулов", - дейди Эмил Алиев.

Тошкент воқеалари юзасидан фикр билдирган тожикистонлик таҳлилчи Рашид Ғанининг Душанбедаги мухбиримиз Ҳабибулло Ботировга айтганлари Феликс Қуловнинг гапларига ҳамоҳанглиги билан эътиборимизни ўзига тортди:

"Ўзбекистонга ҳам Тожикистонда бўлганидек, миллий мулоқот зарур. Тожикистонда ҳозир олтита партия бирга ўтириб, муаммолар ҳақида гапирмоқда. Очиқ гап бўлгач, яширин фаолиятга ҳожат қолмайди".

Лавҳамизда Ўзбекистондаги сиёсий мухолифат лидерларининг мамлакатдан қувғин қилингани, улардан баъзилари сиртдан судлангани тўғрисида айтиб ўтирмадик. Чунки бу гаплардан азиз тингловчи, ўзингизнинг хабарингиз бор.

Хўш, қирғизистонлик Феликс Қулов ёки тожикистонлик таҳлилчи айтаётган сиёсий мулоқот Қозоғистон, Қирғизистон ва айниқса, Ўзбекистонда Тошкент воқеаларидан сўнг пайдо бўладими?

Бир неча йилдан буён ўз ечимини топа олмай келаётган, куни кеча юз берган воқеалардан кейин эса, янада долзарблашган бу масала ҳамон очиқ қолмоқда.
XS
SM
MD
LG