Линклар

Франциядаги маҳаллий сайловларда Президент Ширак партияси мағлубиятга учради.

  • Ҳасанжон

Якшанба куни Францияда бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда Социалистлар ва улар иттифоқчилари ғалабага эришдилар. Кузатувчилар фикрича, Президент Жак Ширак етакчилигидаги марказ-ўнг қанот Халқ Ҳаракати Иттифоқининг сайловлардаги мағлубияти, айнан мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни билан боғлиқ. Чунки аҳолининг аксарият қисми ҳукуматнинг ижтимоий соҳа учун ажратилаётган маблағларни қисқартириш режасига қаршидир.

Франциядаги маҳаллий сайловларда сўлчилар эришган ғалаба қамрови кўпчиликни ҳайратга солди. Чунки Социалистлар ва улар иттифоқчилари 22та сайлов округининг 21тасида ғалабага эришиб, маҳаллий ҳокимият бошқарувини қўлга киритдилар. Иқтидордаги партиянинг мағлубиятга учрашига асосан иқтисодий ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг сабаб бўлгани айтилмоқда.

Маълумки, Францияда фуқаролар ижтимоий муҳофазаси яхши таъминланган. Французлар ҳафтасига 35 соат ишлайдилар, йилига беш ҳафта дам оладилар, уларнинг соғлиқ суғурталари бошқа ривожланган давлатларникига қараганда анча кўп хизмат турини ўз ичига олади. Агар оилада фарзанд туғилса, она ва болага маълум имтиёзлар берилади. Ишсизлик учун катта нафақа тўланади, ишчи ва ходимлар бошқа давлат фуқароларига қараганда, анча эрта пенсияга чиқадилар.

Бироқ иқтидордаги ҳукумат мамлакат бюджетидаги камомадни қисқартириш ва сарф-ҳаражатларни камайтириш режасини эълон қилди. Ижтимоий ҳимоядан мосуво бўлишни истамаган Франция фуқаролари эса ҳукуматнинг бу режасига қарши маҳаллий сайловларда Социалистлар ва улар иттифоқчилари учун овоз бердилар.

Франциялик журналист Антуан Блуа Президент Жак Ширак етакчилигидаги марказ-ўнг қанот Халқ Ҳаракати Иттифоқи, айнан ижтимоий соҳада ўтказаётган ислоҳотлари учун сайловларда мағлубиятига учраганини айтади:

“Президент Жак Ширак етакчилигидаги партия маҳаллий сайловларда мағлубиятга учради. Чунки фуқаролар жаноб Раффарин бошчилигидаги ҳукумат олиб бораётган сиёсатни танқид қилиб, ўз норозиликларини шу йўл орқали билдирдилар”, - дейди франциялик журналист.

Социалистлар партияси раҳбари Франкоис Ҳолланд муваффақиятни шундай изоҳлади:

“Французлар Республика Президентини кескин танқид қилдилар. Сайлов шартига кўра, у ижтимоий ва республика қонунлари қатъий бажарилишини назорат қилиб туриши керак эди. Маҳаллий сайловдаги мағлубиятдан кейин ҳукумат эмас, балки сиёсий йўналиш ўзгариши керак. Бундай салоҳият фақат давлат раҳбарига берилган”, - деди Социалистлар партияси раҳбари.

Кўпчилик таҳлилчилар, мазкур сайловларни ҳукумат учун берилган ишончсизлик овози, дея баҳоламоқдалар.

Бироқ, маҳаллий сайловларда партияси мағлубиятга учраган Бош вазир Жан-Пиер Раффарин ҳукумат сиёсатини оқлашга ҳаракат қилиб:

“Мен французлар турғунлик ҳолатида қолишни истамасликларига ишонаман. Ислоҳотлар жараёни давом этиши лозим. Мамлакатда янги иш жойлари яратиш, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, тараққиётни таъминлаш ва жамоат секторига сарфланаётган маблағни назорат қилиш учун ислоҳотлар ўтказилиши керак. Франциянинг Европада янада кучли давлат бўлиши учун ислоҳотлар ўтказилиш зарур”, - деди Франция Бош вазири.

Маҳаллий сайловларда марказ-ўнг қанот Халқ Ҳаракати Иттифоқи мағлубиятга учраганидан кейин Франция Президенти Жак Ширак ҳукумат таркибида ўзгаришлар қилишга қарор қилди.

Чоршанба куни Президент эълон қилган янги кабинет рўйхатига кўра, ҳукуматга яна аввалги Бош вазир Жан-Пиер Раффарин раҳбарлик қилади. Собиқ Ташқи Ишлар вазири Доминик де Вилпен эса Ички Ишлар вазири лавозими, собиқ Ички Ишлар вазири Николас Саркози эса Молия вазири лавозимини эгалладилар. Энди Саркози давлат бюджетидаги камомадни камайтириш, соғлиқни сақлаш ва маориф соҳалари учун ажратилаётган маблағни қисқартириш режасининг амалга оширилишига масъул бўлади. Янги ҳукуматдаги Ташқи Ишлар вазири лавозимини Франциянинг Европа Комиссиясидаги намоёндаси Мишел Барниер эгаллади. Кузатувчиларга кўра, Президент Ширакнинг азалий тарафдори бўлган Барниернинг мамлакат ташқи сиёсати йўналишини Европа Иттифоқига қаратиши кутилмоқда.

Ширакнинг яна бир тарафдори Аллиот-Мари Мудофаа вазири лавозимига қайта тайинланди. Кузатувчилар фикрича, янги тузилган ҳукумат Ширакнинг ислоҳотлар жараёнини яна давом эттиришидан дарак беради.
XS
SM
MD
LG