Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:14

Туркманистон НАТО билан ҳамкорлик қилмоқчи.


Бир неча йиллик танаффусдан сўнг Туркманистон НАТО билан ҳамкорлигини яна давом эттирмоқчи. Нега энди Туркманбоши Сапармурод Ниёзов бундай қарорга келиб қолди? Бу ҳамкорликка Туркманистоннинг мухолифатдаги вакиллари ва кузатувчилар қандай фикр билдиришмоқда? Ҳамкасбим Садриддин ана шу саволларга жавоб излашга ҳаракат қилди.

Душанба куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Сапармурод Ниёзов НАТО нинг 2004-2005 йилларга мўлжалланган “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастури доирасида якка тартибдаги Туркманистон ҳамкорлиги дастурини тасдиқлади. Президент матбуот хизматининг билдиришича, бундай қарор “минтақадаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва хавфсизликни мустаҳкамлашдаги ҳамкорликка қаратилган.”Туркманбоши куни-кеча маҳаллий телевидение орқали қилган чиқишида Туркманистоннинг НАТО билан фаол ҳамкорлик қилишни бошлаётганлиги ҳақида гапирди:

“Энди бундан буёғига НАТО билан яқин ҳамкорликда ишлай бошлаймиз. НАТОда ҳар хил ўқишлар бор. Уларга энг сара туркман ўғлонларини юбориш керак”.

Сапармурод Ниёзов “сара ўғлонлар” ҳақида бежиз гапирмади. Туркманбоши НАТО қошидаги турли ташкилотларга ўқишга юбориладиган Қуролли Кучлар ва махсус хизмат зобитларини махсус текширишдан ўтказишни ўзининг ҳуқуқ-тартибот идораларидан талаб қилди:

“Ҳаммангиз биргалашиб уюшган ҳолда шу масалани ҳал қилинг. Уларнинг учинчи , тўртинчи аждодигача суриштириб кўринг: хоин чиққанми ёки йўқ? Уларнинг ҳар бири учун жавоб берасиз!”.

Туркманистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб, НАТО нинг 2004-2005 йилларга мўлжалланган “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастурида иштирок этиш ҳақидаги шартномани имзолаган эди. Лекин кузатувчиларнинг айтишларича, бу шартнома фақат қоғозда қолиб кетди. Хўш, нега энди бугунга келиб, Туркманбоши яна НАТО билан ҳамкорликни истаб қолди. Бу ҳақда мухолифатдаги “Ватан” ижтимоий –сиёсий ҳаракатининг а’зоси Анадурди Ҳожиев шундай дейди:

“Тўғри, кейинги пайтларда Ниёзов фуқароларнинг четга чиқиши, диний эркинликлари тўғрисида фармонлар чиқарди. Мана энди НАТО билан ҳамкорлик қилмоқчи. Нега? Чунки бугун-эрта БМТнинг Женевадаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясида Туркманистон масаласи кўрилади. Шунинг учун ҳам Ниёзов дунё жамоатчилиги олдида ўзини инсонпарвар шахс қилиб кўрсатмоқчи. Лекин Ниёзовнинг мамлакатда диктаторлик режими ўрнатганини ҳамма билади”.

Анадурди Ҳожиевнинг айтишича, Ниёзов кўп фармонларга имзо чекадию, лекин унинг ижроси тескари бўлади:
“Мана яқинда Туркманбоши фуқароларнинг диний эркинлигини та’минлаш тўғрисида фармон чиқарди. Лекин ундан сўнг телевидениеда чиқиб:

“Мана мен сизларга масжидларни бердим. Лекин имомларни ўзларинг тайинланглар. Халқ томонидан сайловларга йўл қўйилмасин, деб айтди.” Ахир шу ҳам эркинлик бўлдими?”.

Анадурди Ҳожиевга кўра, НАТО билан имзоланган шартнома ҳам худди шунга ўхшаб, бажарилмай қолади. Чунки, дейди Ҳожиев, бундай турдаги шартномаларни имзолагандан сўнг инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, терроризмга қарши кураш, жамиятни демократлаштириш сингари ма’сулиятлар ҳукумат елкасига юкланади. Лекин ҳеч қайси бир диктаторлик тузуми бу масалаларни ҳал қила олмайди. Терроризмга қарши кураш масаласида эса Анадурди Ҳожиев мана бундай фикрларни билдирди:

“Афсуски бугун терроризмга қарши курашда аниқ бир мезон йўқ. Масалан, Марказий Осиё давлатларининг ба’зи раҳбарлари терроризмга қарши курашни ўзгача фикрловчиларга, мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши курашни деб биладилар”.

Анадурди Ҳожиевнинг айтишича, Европа Иттифоқи ва НАТО ана шундай йўллар билан Туркманистонда демократик жараёнларнинг бошланишига та’сир қилмоқчи бўляпти. Лекин Сапармурод Ниёзов бу шартномани кўргазма учун имзолаган. Шунинг учун ҳам дейди, мухолифат вакили, Сапармурод Ниёзов бошқараётган ҳукумат бу шартномаларни амалда қанчалик бажара олади, буни вақт кўрсатади.
XS
SM
MD
LG