Линклар

logo-print

Янги ҳисобот ҳам таъқиблар ҳақида


Тўлқин 30 март куни “Ҳюман райтс уотч” халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида “Халқ душманлари: Ўзбекистонда диндорларнинг таъқиб қилиниши” деб номланган ҳисоботнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Маросимда ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Рейчел Денбер, ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича катта ходими Акейша Шилдс иштирок этди.

А.Шилдснинг сўзларига қараганда, ҳисобот Ўзбекистонда беш йил давомида олиб борилган тадқиқотлар асосида тайёрланган бўлиб, бу вақт давомида ташкилот вакиллари ваҳҳобийлик, “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимларига алоқадорликда айбланган юзлаб кишилар, уларнинг оила аъзолари, адвокатлари билан мулоқотда бўлган. Улар устидан олиб борилган суд жараёнларини бевосита кузатган.

“Ўзбекистон ҳукумати давлат назорати доирасидан ташқарида бўлиб, диний амалларга риоя қилаётган минглаб тинч мусулмонларни ҳибсга олиб, қийноққа солган”, дейилади “Ҳюман райтс уотч” ҳисоботида.

319 бетли мазкур ҳисоботда ҳукуматнинг таъқиблари туфайли тахминан 7 минг мусулмон диндор ҳибсга олиниб, қамоқхоналарда қийноқларга солингани таъкидланади. Бироқ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов ўзи бошчилик қилаётган жамият олиб борган кузатишлар натижаси бу рақамлар бир неча баробар катта эканидан далолат беришини билдирди.

А.Шилдснинг айтишича, ҳисоботда келтирилган рақамлар ташкилот томонидан турли вилоятлардан тўпланган маълумотларга асосланган. Аниқ рақамларни қўлга киритиш учун эса ташкилотнинг имкониятлари чекланган. Қамоқхоналарда қанча диндор ётгани эса фақат Ўзбекистон ҳукуматига маълум.

Р.Денбернинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати тинч диндорларга қарши шафқатсиз чоралар кўрмоқда. Бундай чораларнинг кўлами ва шафқатсизлиги таъқиблар махсус ташкил этилаётганидан далолат беради.

“Ҳисоботнинг бир бўлими тўлиқ жиноий жавобгарликка тортилганларнинг оила аъзоларини ҳам таъқиб этиш ҳолатларига бағишланган. Бу эса Ўзбекистон ҳукуматининг очиқ-ойдин оммавий жазолаш сиёсатини олиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди. Мен Президент Каримов 1999 йил 4 апрелда айтган сўзларини эслатиб ўтмоқчиман. Ўшанда Президент оталар ўғилларининг қилмишлари учун жавоб беришини таъкидлаганди. Биз гувоҳи бўлдикки, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бу сиёсатга, яъни Президент сўзларига амал қилмоқда ва жавобгарликка тортилганларнинг оила аъзолари ҳам ҳибсга олиниб, қийноққа солинмоқда. Улар ҳам нафратланиш объекти ва халқ душмани сифатида кўрсатиляпти”, деди ҳисобот тақдимотида А.Шилдс.

Маросимда ташкилот вакилларига 29 март куни Тошкентнинг Чорсу бозорида юз берган фожеалар юзасидан ҳам саволлар берди.

А.Шилдс бу саволларга жавоб берар экан, жумладан, шундай деди: “29 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон ҳукумати бу воқеаларда ҳам “Ҳизб ут-таҳрир” ва ваҳҳобийларни айбдор деб эълон қилди. Ўйлаймизки, энди мазкур гуруҳларга қарши таъқиблар янада кучаяди”.

Р.Денбернинг сўзларига кўра, қамалган диндорлар, уларнинг оила аъзоларига нисбатан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлланилаётган қийноқ ва тазйиқлар учун бу идоралар ходимлари жавобгарликка тортилмайди.

Р.Денвернинг айтишича, ҳисоботга мазкур жиноятларни бартараф қилиш чоралари юзасидан ҳам тавсиялар берилган. Ҳужжатда бу тавсиялар БМТнинг диний ишлар бўйича махсус маърузачисига тақдим этилиши ва у тезда Ўзбекистонга келиб, мамлакатдаги диний вазият ҳақида маъруза тайёрлаши лозимлиги кўрсатилган.
XS
SM
MD
LG