Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:34

Ўзбекистонда яна портлаш


Шайбон 1 апрел куни Бухоро вилояти Ромитон тумани марказидаги турар-жой биноларидан бирида портлаш содир бўлди. Портлаш камикадзе аёл томонидан содир этилгани тахмин қилинмоқда.

Маълумотларга кўра, портлаш оқибатида ўн ёшли қизалоқ воқеа жойида ҳалок бўлган, камикадзе аёл эса ўта оғир аҳволда шифохонага олиб кетилган.

Бухоролик журналист Обид Шабановнинг вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакиллари хабарларига таяниб билдиришича, портлаш соат 16:30 да Садриддин Айний кўчасидаги 16-уйнинг 8-хонадонида истиқомат қиладиган 1980 йилда туғилган Фароғат Домадова исмли аёл томонидан содир этилган. Аёлнинг ўзи оғир жароҳатланиб, Ромитондаги шифохонага олиб кетилган. Ҳалок бўлган қизалоқ унинг қизими ёки йўқлиги айни пайтда аниқламоқда.

О.Шабановнинг билдиришича, мазкур портлашнинг айни кунларда Ўзбекистонда содир этилаётган бошқа фожеали воқеаларга алоқадорлиги хусусида расмийлар ҳозирча ҳеч қандай маълумот бермаган.

Эслатиб ўтамиз, 28 март куни ҳам мазкур туманнинг Қаҳрамон қишлоғидаги хонадонлардан бирида ҳам портлаш юз бериб, Бош прокуратура маълумотларига кўра, унда тўққиз киши, жумладан, йигирма кунлик чақалоқ ҳалок бўлган эди. О.Шабановнинг айтишича, бу сафарги портлаш жойи Қаҳрамон қишлоғидан анча узоқда жойлашган.
XS
SM
MD
LG