Линклар

Туркманистондан ўтадиган афғон “оғу”си.

  • Садриддин Ашур

Куни-кеча Афғонистон ҳукумати мамлакатга чегарадош 6 давлат билан гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришга қарши биргаликда курашиш ҳақидаги шартномага имзо чекди. Бу келишувга Берлинда ўтказилган халқаро конференция пайтида эришилди. Улар орасида Туркманистон ҳам бор. Сўнгги пайтларда,айнан Туркманистон орқали гиёҳванд моддаларнинг Россияга ва ундан сўнг Европага олиб ўтилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Россия телевидениеси бу ҳақда ҳужжатли филм ҳам намойиш қилди. Хамкасбим Садриддин мустақил кузатувчилар билан суҳбат асосида Туркманистоннинг ўзида гиёҳванд моддалар истеъмоли ва унинг бошқа давлатларга ўтиш жараёнини ўрганишга ҳаракат қилди.

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий вакили Жеймс Каллахан, Душанбе шаҳрида бўлган йиғилишда журналистларга Туркманистоннинг Афғонистон билан чегарасини назорат қилиш учун БМТ махсус лойиҳаси ишга тушганлигини э'лон қилди. Каллаханнинг айтишича, мазкур лойиҳа қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг ва у Туркманистон чегара қўшинлари инфратузилмаларини ривожлантириш ҳамда шахсий таркибнинг касбий маҳоратини оширишга қаратилган.

Март ойининг бошларида эса, гиёҳванд моддаларнинг тарқалишига оид Туркманистондан бир-бирига зид ахборотлар келаётганлиги учун БМТ ташвиш билдириб, маҳаллий ҳокимиятни халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга чақирган эди. 2002-2004 йиллар мобайнида Туркманистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан бор-йўғи 200 килограмм гиёҳванд модда ушланган бўлса, шу йилнинг январ-феврал ойларида тожик ва Россия чегарачилари Афғонистондан олиб ўтишга ҳаракат қилинган 1 минг 300 килограмм героинни мусодара қилдилар.

Хўш, нега Афгонистон билан чегарадош бўлган Туркманистондан гиёҳванд моддалар бунча кам миқдорда ушланган? Бу масалага сал кейинроқ қайтамиз. Ҳозир Туркманистоннинг ўзидаги аҳволга бир назар ташлайлик. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «Туркманистон» Хельсинки фонди раҳбари Тожигул Бегмедованинг айтишича, мамлакатдаги гиёҳвандлар ҳақида шу пайтгача, аниқ бир расмий ма'лумот йўқ. Лекин, дейди у , Туркманистондан келаётган хабарларга кўра, гиёҳванд моддаларга ружу' қўйиш масаласида аҳвол анча ташвишли.Тожигул Бегмедова гапиради:

«Ёшуллиларнинг айтишларича ҳозиргача туркман халқи ичида бунақаси бўлмаган . Гиёҳвандликка ружу' қўйганлар хотин-қизлар орасида ҳам кўпайиб бораяпти. Феврал ойида бизга шундай ма'лумот тушган эди. Ашхободдаги
бир гиёҳванд 50 минг манат учун кекса аёлни ўлдирган. Бу 2 АҚШ доллари бўлади. Мамлакатда гиёҳвандликнинг ёши тобора ёшариб боряпти. Ҳозир 4-6 синф ўқувчилари ҳам гиёҳванд моддалар исте'молчилари бўлибгина қолмай , балки унинг тарқатувчиларига ҳам айланишаяпти.»



Энди, юқорида баён қилинган фикрга қайтамиз. Я'ни нега туркман- афгон чегараси жуда катта-ю, лекин бу ерда жуда оз миқдорда гиёҳванд моддалар ушланади. Мухолифатдаги «Ватан» ижтимоий-сиёсий ҳаракати а'зоси Анадурди Ҳожиевнинг айтишича , Туркманистондан транзит сифатида ўтадиган гиёҳванд моддаларнинг ҳаммасини юқори лавозимдаги амалдорлар назорат қилишади. Анадурди Ҳожиев гапиради:

«1995 йилда Сапармурод Ниёзов Россия чегарачиларини афғон чегарасидан чиқарар экан, у бу билан миллий мустақилликни кўзлагани йўқ.Туркманбоши бундан кейин барча назоратни ўз қўлига олди ва Афғонистон «оғу»си мамлакатга оқиб кира бошлади. Гиёҳванд моддаларнинг Туркманистон орқали бошқа давлатларга ўтиб кетиши учун қулай шароит яратилди. БМТ вакилининг айтган гапларига эса мен ишоқирамай қарайман. Чунки бу йўналишда уларнинг бирор бир ижобий натижага эришишларига имоним комил эмас. Қолаверса, Ниёзовнинг ўзи бунга йўл қўймайди».


Март ойининг охирида Россия телеканали «Трафик» номли ҳужжатли филм намойиш қилди. Журналист Аркадий Мамонтов Россия кириб келадиган афғон «оғу»сининг асосий йўли Туркманистон орқали эканлиги ҳақида гапирди:

«Алия порти. Каспий орқали Туркманистондан келадиган барча юклар мана шу портдан ўтади. Шу билан бирга гиёҳванд моддалар ҳам.»


«Время новостей» газетасининг ёзишича, ана шу ҳужжатли филм анонси феврал ойида намойиш этилгандан сўнг, Сапармурод Ниёзовнинг жаҳли чиқиб, Ашхободдаги Пушкин номли рус театрини буздириб ташлаган.
XS
SM
MD
LG