Линклар

Бобир Маҳмудов нега ҳибсга олинди?


Шайбон Маълумотларга кўра, ҳозирда маҳбусликда сақланаётган таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг ўғли Бобур Маҳмудов 30 март куни ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Айрим норасмий манбалар Б.Маҳмудов мамлакатда 28-29 март кунлари содир бўлган портлашларда гумон қилинаётганини таъкидламоқда. Маълум бўлишича, уни ҳибсга олиш чоғида ҳеч қандай тушунтириш берилмаган ва кейинчалик унинг қаерда сақланаётгани ҳам маълум қилинмай келинган. Фақат “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хонимнинг аралашуви ва талаби билангина Б.Маҳмудов Тошкент шаҳри ички ишлар бошқармасида сақланаётгани билдирилган.

А.Гиллнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, Б.Маҳмудовнинг ҳибсда ушлаб турилиши сабаблари ҳақида ҳеч кимга маълум қилинмаётир ва унинг ўзига ҳам бу ҳақда тушунтириш берилмаган.

А.Гиллнинг билдиришича, у бир неча бор Б.Маҳмудовнинг онаси билан ички ишлар бошқармасига борган ва учрашув ташкиллаштирилишини талаб қилган, бироқ бу талаб рад этилган. Б.Маҳмудовга адвокат тайинланиши масаласида ҳам “унга адвокатнинг кераги йўқ”, дея жавоб қайтарилган.

“Озодлик” мухбирининг Б.Маҳмудов масаласида ички ишлар ва прокуратура ходимларига қилган мурожаатига муносабат билдирилмади.

Б.Маҳмудовни билганлар ва яқинларининг айтишича, у ҳеч қайси диний оқимга аъзо эмас, ҳатто намоз ҳам ўқимайди. “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов Б.Маҳмудов ҳеч қайси мухолиф партияга аъзо бўлмаганини маълум қилди.

“Отаси қамоқда бўлгани учун бу оила назоратда туради. Бобурни балки шунинг учун олиб кетишган бўлиши мумкин,” деди О.Орипов.

Куни кеча “Халқаро амнистия” ва “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотлари Б.Маҳмудовнинг асоссиз ҳибсга олиниши ҳақида баёнот тарқатганди.

“1999 йилги портлашлар туфайли мутлақо беайб бўлган Мамадали Маҳмудов 14 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Бу сафарги портлашлар эса унинг ўғли Бобур Маҳмудовни қамоққа етакламоқда”, дейилади баёнотда.

Баёнот муаллифлари дунё жамоатчилигини Ўзбекистон Президенти, Ички ва Ташқи ишлар вазирлари, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман номига очиқ хат йўллаб, Б.Маҳмудовнинг озод этилиши талабига қўшилишга чақирган.

“Чунки, деди А.Гилл “Озодлик” мухбири билан суҳбатда, Б.Маҳмудовнинг ҳуқуқлари бузилаётгани аниқ-равшан кўриниб турибди. Мана бир неча кундирки, Б.Маҳмудов адвокатсиз, айблов хулосасисиз ҳибсда сақланмоқда. Айни ҳолат “Халқаро амнистия” ва “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотларида кучли хавотир уйғотаётир”.
XS
SM
MD
LG