Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:58

Бош прокурор россиялик журналистларга эътироз билдирди


Шайбон 2 апрель куни Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров мамлакатда 28 мартдан 1 апрелга қадар рўй берган воқеалар юзасидан маълумот бериш мақсадида махсус брифинг чақирди.

Рашид Қодировнинг таъкидлашича, 30 март куни эрталаб соат саккизда Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги “Қорамурт” блок-постида милиция ходимлари “Тико” русумли автомашинани тўхтатган. Шу пайтда машинадаги йўловчилардан бири белига боғланган портловчи қурилмани ҳаракатга келтирган. Натижада камикадзе ва унинг шериги воқеа жойида ҳалок бўлган. Худди шу куни Қибрай туманидаги Салор посёлкасида қуролланган гуруҳ яширингани ҳақида маълумот олингач, бу ерга махсус бўлинма жўнатилган. Ҳуқуқ-тартибот кучлари ва қуролланган гуруҳ ўртасида отишма бошланган. Қуршовда қолган қуролли гуруҳнинг бир неча аъзоси ўзини портлатмоқчи бўлганида ўлдирилган. Қолганлари эса уч нафар шеригининг “ажал белбоғи”ни ҳаракатга келтириши оқибатида ҳалок бўлган.

Р.Қодировнинг айтишича, операция чоғида ўн тўрт шахс ўлдирилган бўлиб, уларнинг беш нафари аёллардир. Шунингдек, 31 март куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари эҳтимолда тутилаётган террорчини ўз уйида ҳибсга олмоқчи бўлганда, у ўзини портлатиб юборган.

Бош прокурор Бухоро вилоятининг Ромитан туманида яшайдиган Фароғат Акрамова ҳам ўз уйида ўзини портлатиб юборганини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, аёл оғир жароҳат олиб, шифохонага келтирилган. Портлаш вақтида Ф.Акрамованинг ёнида бўлган 10 ёшли Зарина Саидова воқеа жойида ҳалок бўлган.

Р.Қодировнинг билдиришича, Ф.Акрамова 28 март куни Ромитан туманидаги Қаҳрамон қишлоғида хонадонда рўй берган портлаш чоғида ҳалок бўлган Бобур Омоновнинг хотини, З.Саидова эса унинг синглисидир.

Бош прокурорнинг маълумот беришича, бўлиб ўтган портлаш ва отишмалар, қўлга олиш жараёнларида 14 киши, жумладан, вояга етмаган уч бола ҳалок бўлган. 35 га яқин фуқаро тан жароҳати олган. Ҳалок бўлганларнинг 10 нафари милиционерлар бўлиб, яна 24 та ҳуқуқ-тартибот ходими жароҳатланган.

“Ўзларини портлатиш оқибатида ва ўтказилган махсус операциялар натижасида 33 террорчи йўқ қилинди, уларнинг 7 нафари аёллардир. Бугунги кунга келиб террорчилик ҳаракатларида алоқадорликда гумон қилиниб 19 киши, жумладан, тўртта аёл ҳибсга олинди”, - деди Р.Қодиров.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, тергов гуруҳи бўлиб ўтган воқеалар ягона марказ орқали бошқариб турилгани тўғрисида маълумотга эга. Қуролланган гуруҳнинг айрим аъзолари хорижий давлатларда тайёргарликдан ўтгани ҳам аниқланган. Бу эса Ўзбекистондаги фожеалар халқаро террорчи гуруҳлар томонидан уюштирилгани хусусида хулоса чиқаришга ундамоқда.

Брифингда Р.Қодиров Россиянинг айрим оммавий ахборот воситаларига ўз эътирозини билдирди.

“НТВ телеканалининг янгиликлар дастурида Ўзбекистонда чинакам уруш бошлангани, боғча болалари гаровга олингани, жангарилар сув омборини портлатишга урингани ҳақида мутлақо асоссиз маълумотлар тарқатилди”, - деди Р.Қодиров. - Тасвирда эса 1999 йилда Тошкентда содир этилган террорчилик ҳаракатлари ҳақидаги лавҳалар берилди.

Бош прокурор бундан буёғига барча маълумотларни журналистларга шахсан ўзи тақдим этган тақдирдагина бу хабарлар расмий ҳисобланишини, акс ҳолда барча ахборотлар норасмий ва ноаниқ, дея баҳоланишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG