Линклар

logo-print

Қўшма баёнот огоҳлантиради


Тўлқин Ўзбекистонда бўлиб ўтган воқеалар муносабати билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки халқаро федерацияси ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти қўшма баёнот эълон қилди.

Ушбу баёнот “Ўзбекистонда худкуш аёлларнинг террорчилик ҳаракатлари мусулмонлар ва сиёсий мухолифларни таъқиб этиш учун важ бўлмаслиги керак” деб номланади.

Баёнотда бу икки ташкилот сўнгги кунларда Ўзбекистонда содир этилган террорчилик ҳаракатларини кескин қоралаши таъкидланади.

“Ўзбекистон ҳукумати вакиллари бу воқеаларни уюштирганлар сифатида мамлакатда фаолияти тақиқланган “Ҳизб ут-таҳрир” ва исломнинг ваҳҳобийлик оқими вакилларини айблади. Аммо Хельсинки халқаро федерацияси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти, шунингдек, бошқа бир қанча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан Ўзбекистонда жуда кўп кишиларнинг диний ва сиёсий мансублигига кўра асоссиз жазога тортиш, қийноқларга солиш, ҳибсга олиш каби кўплаб ҳолатлар аниқланган”, дейилади, жумладан, баёнотда.

Баёнот муаллифлари жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистонда бўлиб ўтган воқеалардан сўнг яна репрессив ҳаракатлар бошланиб кетиши олдини олишга чақиради.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг таъкидлашича, ҳукумат аввалги парламент ва Президент сайловлари чоғида Тошкентда 1999 йилда рўй берган портлашлардан унумли фойдаланган эди. Бу сафарги воқеалардан ҳам ҳукумат ўз мақсадлари йўлида фойдаланиши мумкин.

Аммо, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Азиз Эрназаровнинг сўзларига қараганда, ҳеч ким асоссиз жазога тортилмайди.

Шунга қарамай, Т.Ёқубов репрессив ҳаракатлар яна бошланишидан хавотир билдирмоқда.

“Ўзбекистон ҳукумати қийноқларни давлат сиёсати даражасига кўтаргани, тергов бўлимларида қийноқлар оммавий ва мунтазам равишда қўлланиши дунёдаги энг нуфузли ташкилот (БМТ) вакили томонидан исботланди. Лекин мамлакат ҳуқуқ-тартибот тизимида ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ”, - деди у.

Т.Ёқубовнинг таъкидлашича, шу кунларда ҳам мамлакатда содир бўлган воқеаларга алоқадорликда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани маълум бўлмоқда. Мазкур воқеалар туфайли икки кун давомида ҳибсда ушлаб турилган бир йигит ички ишлар бошқармасида кўплаб гумондорлар қаттиқ қийноққа солинаётганини айтиб берган.

Мазкур қўшма баёнот: “Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти давлатлари орасида энг репрессивларидан бири бўлган Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши терроризм хавфини камайтириши мумкин”, деган сўзлар билан якунланади.
XS
SM
MD
LG