Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:31

Муҳаммадаминга айланган Қиличбек


Шайбон Тошкент шаҳри Собир Раҳимов туманининг 31 март куни соат 20:30 ларда портлаш юз берган Чимбой маҳалласи 1 апрел куни яна журналистлар диққат-эътиборида бўлди. Улар бир кун олдин бўлиб ўтган воқеага ойдинлик киритишга келганди.

Бироқ шу куни эрталаб 9-10 лар атрофида воқеа жойида бўлган ички ишлар вазирлиги ходимлари журналистларнинг саволларига жавоб беришдан бош тортди. Орадан бир неча соат ўтгач, ИИВ ходимлари маҳаллани тарк этди. Шундан сўнг журналистлар портлаш содир бўлган хонадонни кўриш ва маҳалла аҳли билан суҳбатлашиш имконига эга бўлди.

Террорчи бўлиши эҳтимол тутилаётган шахс ўзини портлатган ҳовли анча тор. Дарвозаси ҳам катта эмас. Шунга қарамай, бу ерда портлаш аломатлари кўринмайди. Дарвоза ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан муҳрлаб қўйилгани боис журналистлар девор оша хонадонни кузатди. Ҳовлида қон излари кўзга ташланса-да, портлаш оқибатида уйга етказилган зиён изларини сезиш қийин. Хонадонни кўриб, бу ерда портлаш бўлганига ишониб бўлмайди.

Мазкур хонадонга қўшни яшайдиган йигитнинг таъкидлашича, ўзини портлатиб юборган шахснинг аввалги исми Қиличбек бўлиб, кейинчалик у ўзига Муҳаммадамин деган исм қўйиб олган. Икки йил аввал масжидда қоровуллик қилган.

Қўшни йигитнинг маҳалладошларидан эшитган тафсилотларига таяниб айтишича, Қиличбекни ички ишлар ходимлари масжиддан қувиб келган. У уйига келиб яширинган. Бу ерда хотини ҳам бўлган. Бироқ хотини уйдан қочиб чиққандан сўнг Қиличбек ўзини портлатиб юборган. Хотиннинг юз қисми жароҳатланган. Уларнинг араб тилидан таҳсил оладиган 13 ёшдаги қизи бу вақтда уйда бўлмаган.

“Озодлик” мухбири Қиличбек бир вақтлар қоровуллик қилган Исломобод жомеъ масжидида бўлди. Бу ернинг янги қоровули, кекса отахоннинг таъкидлашича, Қиличбек масжидда даъват билан шуғулланмаган. Тинчгина намозини ўқиб, тинч кетган. Аммо милиция ходимлари унинг “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзолигини айтишган.

Мазкур масжид имом-хатиби ва мутаваллиси бу пайт прокуратурада кўрсатма бераётгани боис улардан Қиличбек ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

1 апрель куни 20:30 да Ўзбекистон телевидениесида бўлиб ўтган воқеа юзасидан ўқиб эшиттирилган расмий ахборотда шундай дейилади: “Собир Раҳимов тумани Чимбой тор кўчаси 12-уйда яшовчи 1965 йилда туғилган Қиличбек Азимбеков ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ўтказилган текширув чоғида портлатиш воситаси ёрдамида ўзини ўзи ўлдирган. Аҳоли ва ички ишлар ходимлари орасида қурбон бўлган ва шикастланганлар йўқ. Ушбу ҳолат бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда”.

Маълумотларга кўра, Қ.Азимбековнинг хотини ва 13 ёшли қизи ҳозир прокуратурада кўрсатма бермоқда. Уларнинг қаерда ва қандай ҳолатда сақланаётгани тўғрисида хабар берилмаяпти.
XS
SM
MD
LG