Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:26

Халқ террорни қоралайди, аммо...


Фирдавс Сўнгги кунларда Тошкентда рўй берган фожеали воқеалар муносабати билан Ўзбекистон вилоятларида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Аҳоли эса бу воқелар хусусида турлича фикр билдирмоқда.

Қашқадарё аҳлининг кўпчилиги бу ҳаракатларни қаттиқ қораламоқда. Уларнинг фикрича, бундай ҳодисаларни на диний, на ижтимоий омиллар билан оқлаб бўлмайди. Чунки унда гуноҳкорлар ҳам, бегуноҳлар ҳам қурбон бўлмоқда.

Ўзбекистон расмийлари портлашлар четдан туриб ташкил этилгани, бу диний экстремистларнинг иши эканини таъкидлаётган бўлса-да, аҳоли ўртасида ўзгача мулоҳазага бораётганлар ҳам йўқ эмас.

Мустақил кузатувчилардан бирининг фикрича, портлашлар сабабини мамлакатдаги ижтмоий-иқтисодий қийинчиликларга ҳам йўйиш мумкин. Бу воқеаларга муносабат билдираётганда Ўзбекистон халқи бошдан кечираётган қийинчиликлардан кўз юммаслик керак. Бу фожеаларни воқеаларни халқнинг ҳукумат ва давлатга исёни сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Мустақил кузатувчи Исмоил Раҳмонқуловнинг таъкидлашича, қўлига қурол олган, ўзини портлатган шахслар тегишли органларга ўзларининг муаммолари ҳақида ёзавериб, жавоб ола олмагач, аламидан шундай ҳаракатларни қилаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда аниқ бир гап айтиш қийин. Лекин аниқ айтиш мумкинки, бу ҳаракатлар мамлакатдаги яхши ҳаётни кўра олмасликдан келиб чиққан эмас. Чунки Ўзбекистондаги ҳаётнинг кундан кунга ёмонлашиб бораётгани барчага маълум ва портлашлар ҳам шунинг натижасидир.

“Бўлиб ўтаётган портлашларда кўпроқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари қурбон бўлаётгани бу ҳаракатлар милицияга қарши қаратилганини кўрсатиб турибди. Бу милицияга қарши уруш очилганидан дарак беради”, дейилади мустақил манбалар тарқатаётган хабарларда. Қашқадарёдаги мустақил кузатувчилар ҳам бу қарашларда жон борлигини таъкидламоқда.

И.Раҳмонқуловнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари оддий фуқароларни ҳимоя қилиш ўрнига пулдорлар манфаатларига хизмат қиляпти.

“Бундай ҳақсизликдан сабр косаси тўлган инсонлар балким қўлга қурол олгандир?” деди у.

Тошкентдаги воқеалар вилоятларда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилишига олиб келди. Хусусан, Қашқадарёда ҳам бир неча кундан буён шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Йўлларда қуролланган милиция ходимлари машиналарни жиддий текширувдан ўтказяпти. Олий ўқув юртлари, коллежлар, мактаблар ёпилган. Турли маъмурий идоралар қаттиқ қўриқланмоқда.
XS
SM
MD
LG