Линклар

Ўзбекистонда содир этилган портлашларнинг минтақага таъсири


Абдуллоҳ Эргаш Сўнгги кунларда Ўзбекистонда содир этилган портлашлар Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларини Ўзбекистон билан чегараларини ёпишга ундади. Ҳукумат расмийлари портлашларни содир этган гуруҳ аъзоларининг ўз мамлакатларига қочиб ўтишларидан хавфсирадилар. Бироқ, таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда бўлган воқеалар чегаралар ёпиқлигига қарамай минтақадаги вазиятни издан чиқариши, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан катта зиён келтириши мумкин.

Қирғизистон Парламенти депутатлари ўтган йил ёзида Ўзбекистон чегарачиси томонидан қирғиз фуқаросининг отиб ўлдирилганлигини муҳокама қилар эканлар, бир овоздан “Ўзбекистон минтақадаги кичик агрессордир. Бу давлат сиёсати Қирғизистон миллий хавфсизлигига таҳдид солмоқда”, деган хулосани билдирган эдилар. Бу хулосани Қирғизистон ҳукумати қўлламади, бироқ инкор ҳам этмади. Тошкентда содир этилган портлашлардан сўнг, Қирғизистон Парламенти депутатлари яна бир бор Ўзбекистон сиёсати ўз мамлакатлари учун хавфли эканлигини билдирдилар. Депутатларга кўра, Ўзбекистонда муҳолифатнинг тазйиқ этилиши туфайли, унинг ўрнини куч ишлатиш орқали тузимни ўзгартириш мафкураси эгалламоқда. Бундай мафкурадаги одамлар эса ҳукумат тазйиқидан қочиб Қирғизистонга ўтмоқдалар. 1999 йилдан буён Ўзбекистон ҳукумати террорчи деб атаётган бир неча шахс Қирғизистонда қўлга олинган. Депутатлар Ўзбекистондаги портлашларни содир этган шахслар Қирғизистонда таъқиқланган “Ҳизбут таҳрир” партиясини ҳам ўз таъсир доирасига олиб, мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилишлари мумкинлигидан ташвиш билдирдилар.Бироқ, Қирғизистон муфтийси Муротали Жуманов депутатлар фикрига қўшилмайди.

“Ўзбекистонда содир этилган портлашлар бизда ҳам такрорланади, деган фикрларга қўшилмайман. Чунки бир мамлакатни иккинчи мамлакатга солиштириб бўлмайди. Ўзбекистондаги портлашларни содир этганлар бизнинг ўлкада таъсир кучига эга бўлолмайди. Сабаби, Қирғизистонда дин эркинлиги мавжуд, инсон ҳуқуқлари ҳимояланган ва куч ишлатиш орқали тузимни ўзгартириш учун асос йўқ”,-деди Муротали Жуманов.

Қозоғистон Парламенти депутати Серикболсин Абдилдин эса, Ўзбекистондаги портлашлар: “Қозоғистонга тўғридан-тўғри хавф солмайди. Бироқ, Тошкент воқеаларининг Қозоғистонга билвосита таъсири бўлиши мумкин”,- деб ҳисоблайди. Бу таъсир нималарда намоён бўлади? Қозоғистонлик депутат Серикболсин Абдилдин бу саволимизга жавоб бермаслигини айтди. Бироқ, саволимиз жавобини қозоғистонлик таҳлилчи Александр Лебедевнинг “Gazeta.kz” интернет нашрида эълон қилинган мақоласидан топгандек бўлдик.

“Ўзбекистонда портлашлар нима сабабдан содир этилди? Бу саволга жавоб топиш Қозоғистон учун назарий сиёсатшунослик нуқтаи назаридангина эмас, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Ўзбекистон билан чегарадош жанубий Қозоғистондаги вилоятлар аҳолиси ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ҳимояланмаганлар, бошқа ҳудудларга қараганда анча қашшоқ яшайдилар. Шунинг учун ҳам, ҳукуматга қарши қуролли гуруҳлар бу вилоятларда ҳайриҳохлик топишлари мумкин”, деб ёзади Александр Лебедев.

“Бўҳронларни ўрганиш гуруҳи” таҳлилчиси Майкл Хоуф Ўзбекистондаги сўнгги воқеалар минтақа давлатлари хавфсизлигигагина эмас, балки иқтисодий ва сиёсий йўналишларга ҳам таҳдид солади, деб ҳисоблайди.

“Иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистон минтақада муҳим рол ўйнайди. Айниқса, Тожикистон ва Қирғизистон кўп соҳаларда бу мамлакатга иқтисодий жиҳатдан қарам бўлиб қолган. Қозоғистон эса Ўзбекистонга сув хўжалиги ва транспорт соҳаларида тиғиз боғланган. Ўзбекистонда барқарорликнинг издан чиқиши минтақа учун катта иқтисодий зарар келтириши мумкин”.

Майкл Хоуфга кўра, сиёсий жиҳатдан Ўзбекистон Марказий Осиёдаги авторитар тузимларга муҳолифат билан курашиш учун етарли асосларни яратиб бермоқда. Бундан эса Марказий Осиё ҳукуматлари унумли фойдаланадилар.

“Мен ўйлайманки, содир этилган портлашлардан кейин Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларга қарши кураш яна авж олади. Бу имкониятдан Тожикистон ва Қозоғистон ҳам фойдаланади. Айниқса, Тожикистон расмий Тошкент диндорларни террорчиликда айблаётганидан фойдаланиб, мамлакатдаги диний муҳолифатни заифлаштиришга ҳаракат бошлайди”,-деди Майкл Хоуф.
XS
SM
MD
LG