Линклар

Мухолифат муқобил комиссия тузишни талаб қилди


Тўлқин 6 апрель куни БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси биноси Ўзбекистон ҳукуматига мухолифатда бўлган сиёсий партия, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, оддий фуқаролар томонидан пикет қилинди.

Пикетда “Эрк” демократик партияси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти, “Озод аёл”, “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари, шунингдек, оддий фуқаролар иштирок этди. Улар яқинда мамлакатда содир бўлган воқеаларни ўрганиш бўйича халқаро экспертлар иштирокида муқобил комиссия тузиш, қийноқларнинг олдини олиш каби талабларни илгари сурди.

Пикет иштирокчиси, “Эрк” партияси аъзоси Нуриддин Жуманиёзовнинг таъкидлашича, у Тошкентдаги портлашлар ким томонидан, нима мақсадда содир этилгани, бу фожеаларнинг ташкилотчилари ва ижрочиларини аниқлаш учун халқаро экспертлар гуруҳи тузилишини талаб қилмоқда. Бу гуруҳ бўлиб ўтган воқеаларга юридик жиҳатдан баҳо бериши лозим.

“Мазлум” ташкилоти вакили Анвар Тўрахўжаевнинг сўзларига қараганда, маҳаллий ОАВда бўлиб ўтган воқеалар батафсил ёритилмагани сабабли турли миш-мишлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, айни пайтда асоссиз қамашлар юз бераётгани мустақил текширув олиб бориш зарурлигини кўрсатиб турибди.

Пикетда қатнашган Маданият институти талабаси айни пайтда кўпчиликни қийнаётган бир муаммони илгари сурди. Унинг айтишича, пуллик олий таълим кўпчилик талабаларни қийин аҳволга солиб қўймоқда. Ўқиш нархлари эса ҳар йили ошиб борапти. Ўқиш пулини тўлаш учун айрим қизларнинг ўз номусини сотиш ҳолатлари ҳам учраётир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов пикет айнан БМТ ваколатхонаси олдида уюштирилиши сабабларига тўхталиб ўтди.

“БМТ дунёдаги энг нуфузли ташкилотлардан биридир. Ўзбекистон ҳам БМТга аъзо ва унинг уставига тўлиқ амал қилиши керак. Бу ташкилотнинг қийноқлар бўйича вакили Ўзбекистонга қилган сафари юзасидан тайёрлаган ҳисоботида ҳукуматимизга бир неча тавсияларни берган. Бироқ бу тавсияларнинг бирортаси бажарилмади. Аксинча, сўнгги воқеалардан сўнг қийноқлар янада кучайди. Оммавий қамашлар бошланди. Биз бу ҳолатлардан норозилик билдиряпмиз”, - деди Т.Ёқубов.

БМТ ваколатхонаси вакилининг маълум қилишича, норозилик акцияси иштирокчилари ваколатхонага ёзма мурожаат қилмагани сабабли икки ўртада ҳеч қандай мулоқот бўлмаган.
XS
SM
MD
LG