Линклар

logo-print

Репрессия қурбонлари

  • Сарвар Усмон

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Россиядаги етакчи ташкилотлар Иосиф Сталин режими даврида қатл этилган 1 миллион нафардан зиёд киши рўйхатини ўтган ҳафтада эълон қилди.

"Ўтмишини унутган уни такрорлашга маҳкумдир", деган эди машойихлардан бири.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари куни кеча Москвада ўтказган тақдимот маросими мана шу ҳикматни ёдга солиши мумкин эди. Маросим Сталин даврида қатағон қилинган миллиондан ортиқ кишининг исм-фамилияси ҳамда таржимаи ҳоли ёзилган CD тақдимотига бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари "Мемориал" маркази раҳбари Арсений Рогинскийнинг шу муносабат билан ўтказилган матбуот анжуманида айтишича, дискка исмлари туширилган 1 345 769 киши Сталин қатағонлари қурбони бўлганларнинг кичик бир қисми холос.

"Бу рўйхатни тузиш учун 10 йил керак бўлди. Агар, давлат органларининг биз қилаётган ишга нисбатан лоқайдлиги шу кундагидай қолса, репрессия қилинганларнинг тўлиқ рўйхатини тузиб чиқишга яна 100 йил керак бўлади", - деди "Мемориал" маркази раҳбари.

Михаил Горбачев бошлаб берган қайта қуриш "меъморлари"дан бири сифатида танилган Александр Яковлев Россия Президенти ҳузуридаги махсус комиссияни, сиёсий қатағонлар қурбонларини реабилитация қилиш комиссиясини бир неча йил бошқариб турган. Озодлик мухбири саволларига жавоб берар экан, у тузилган рўйхатда судланганларнинггина исмлари келтирилган, улардан ташқари Сталиннинг террор машинаси остида янчилган бошқа яна бир неча миллион киши бор, дейди.

"Оиласи билан мамлакат жанубидан шимолга сургун қилинган 5 ярим миллион деҳқон ҳам бор-ку! Марказқўм режасига биноан кўчирилган бу деҳқонларни ҳеч ким судлаган эмас-ку?! Ёки очлик қурбонларини олайлик. 30-йилларда 5 миллион одам, фуқаролар уруши даврида яна 5 миллиондан зиёд киши - 10 миллиондан ортиқ киши очликдан ўлган эди. Ахир булар ҳам репрессияларни асосий қурол қилиб олган ҳокимият қурбонлари-ку!" - дейди Александр Яковлев.

Сталин репрессиялари қурбонлари сони, унинг ҳисоб-китобига кўра, 20-25 миллион киши атрофидадир. Бутун бошли Ўзбекистон аҳолисига тенг рақам...

Репрессия қурбонлари рўйхатини тузишдан кўзланган мақсад тўғрисида сўзлар экан, "Мемориал" маркази раҳбари жумладан, шундай деди: "Албатта, биринчидан, репрессия қурбонлари хотирасини абадийлаштириш эди, мақсадимиз. Иккинчидан, жамоатчилик томонидан назорат қилинмайдиган ҳокимият қандай жирканчликларга қодир эканлиги тўғрисида жамиятни ҳам, ҳокимиятнинг ўзини ҳам огоҳлантириб қўйишдир", -
дейди Арсений Рогинский.

"Очиқ Россия" жамғармаси мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари учун турли тадбирлар уюштиради. Бу тадбирларда ёшлар бошқа мавзулар қатори мамлакат тарихидаги энг оғир даврлар тўғрисида баҳс-мунозаралар юритишади. Жамғарма вакили Ирина Ясина болалардаги ватанпарварликни миллат тарихи тўғрисидаги баландпарвоз гаплар билан эмас, бор ҳақиқатни биргаликда чуқур таҳлил қилиш билан шакллантириш мумкин, деган фикрда. Унинг айтишича, репрессия қурбонлари рўйхати ёзилган диск, ёшлар билан иш олиб боришда қўл келади.

"Бу диск ҳақиқатни азалдан биладиган кишилардан кўра, ёшларга етиб борса, яхшироқ бўлар эди. Мамлакат тарихини эндигина ўрганаётган ёшларнинг ўз ватанларидан фахрланишларини кутаяптилар. Ҳатто президентнинг ўзи ҳам шу ҳақда гапирди. Тўғри, киши ватанидан ғурурланиши лозим. Бироқ, баъзида ғурур билан тилга оладиган нарсанинг ўзи йўқ-да", - дейди Ирина Ясина.
XS
SM
MD
LG