Линклар

Азизулло Арол Ироқнинг бир қатор шаҳарларида тартибсизлик ва тўқнашувлар сешанба куни ҳам давом этди. АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари пойтахт Бағдод ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида шиа ва сунний исëнчиларга қарши амалиëтлар олиб борди. Айни пайтда¸ бугун БМТнинг махсус вакили Лахдар Браҳимий Ироқ раҳбарлари билан учрашиб¸ ҳокимиятни ироқликларга топшириш арафасида мамлакатда хавфсизлик вазияти мураккаблашаëтганини муҳокама қилди.

Ироқдаги вазиятни бугун яна ҳамкасбим Азизулло Арол кузатиб бормоқда.

АА¸ Ироқдаги воқеа-ҳодисалар қай томонга қараб ривожланмоқда?

Ҳурматжон¸ ўтган якшанба куни Американинг 8 аскари ҳалок бўлган Бағдоддаги Садр шаҳарчасида бугун АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари Ироқ шиалари пешвоси Муқтадо ал-Садр тарфдорларига қарши ҳарбий амалиëтлар олиб борди. Амалиëтлар жараëнида АҚШнинг 3 нафар аскари нобуд бўлди. Кеча Бағдоднинг шиалар истиқомат қиладиган Шула ноҳиясида АҚШ кучлари ал-Садрнинг Маҳдий қуролли лашкарларига қарата вертолëтларидан ўт очди. Бугун пойтахтнинг суннийлар жойлашган Адҳамия районида қаттиқ тўқнашувлар рўй берди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг Бағдоддаги ҳамкори Сами Ал-Хўжа шундай хабар беради.

"Тунда суннийлар минтақаси - Адҳамия ноҳиясида отишмалар юз берди. Менимча¸ ушбу район Америка аскарлари томонидан ўраб олинган ва у ерда қаттиқ тўқнашувлар рўй берган"¸-дейди Сами Ал-Хўжа. Озодлик мухбирининг айтишича¸ кеча тунда қуршовга олинган шиаларнинг Садр шаҳарчасида ҳам отишмалар бўлган.
Бугун Бағдоддан ташқари Ироқнинг бошқа бир қатор шаҳарларида ҳам тўқнашувлар юз берди¸ айни пайтда шиаларнинг Шула ноҳияси бир оз тинчиган.

АА¸ мана ҳеч бўлмаса битта районда вазият бир мунча тинчиган экан¸ колган жойлар-чи¸ коалиция кучлари амалиëтлари натижа бермаяптими?

Айрим хабарларга қараганда¸ амалиëтлар натижа бераëтганга ўхшайди. АҚШ кучлари Муқтадо ал-Садрнинг бош қароргоҳи бўлган Садр шаҳарчасидаги барча полиция идораларини бугун эрталаб ўз назорати остига олди. Шунингдек мазкур кучлар Бағдоддан 50 километр масофада бўлган Фаллужани ҳам қуршовга олди. Тақрибан 1 минг 200 аскар бу ердаги исëнчиларга қарши амалиëт бошлашга тайëргарлик кўрмоқда. Ўтган ҳафта Фаллужада АҚШнинг 5 аскари ҳалок бўлган эди. Анбар вилоятидаги Фаллужа ва Рамади шаҳарлари Бағдодни Иордания ва Сурия чегаралари билан боғловчи муҳим шаҳарлар ҳисобланади.

АА¸ кеча АҚШнинг Ироқдаги маъмури Пол Бремер ал-Садрни қонундан ташқаридаги одам¸ деб таъкидлаган эди. Маълум бўлишича¸ уни қамоққа олиш ҳақида ҳам ордер берилган. Бу қарор қандай изоҳланмоқда?

Тўғри¸ Ироқдаги коалиция кучлари матбуот вакили Дэн Сенор бу ҳақдаги хабарни эълон қилди. Унинг айтишича¸ Муқтадо ал-Садр ўтган йили Нажафда шиаларнинг бошқа бир пешвоси – Оятулло Муҳаммад Бақр ал-Ҳаким ҳаëтига қилинган суиқасдга алоқадорликда айбланиб¸ уни қамоққа олиш ҳақида ордер берилган.

"Муқтадо ал-Садрни қўлга олиш ҳақида бир неча ой олдин ҳукм чиқарилган эди. Менинг билишимча¸ ал-Садр ëрдамчиси Мустафо Яқубийни қамоққа олиш ҳақида ундан ҳам олдин ҳукм чиқарилган. Қамоққа олинишнинг қачон амалга ошиши олдиндан эълон қилинмайди"¸-дейди коалиция кучлари матбуот вакили.

АА¸ хўш¸ АҚШ кучларидан ташқари бошқа коалиция кучлари ҳам давом этаëтган мазкур амалиëтларда қатнашаяптими?

Ҳа¸ қатнашаяпти. АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари таркибида хизмат қилаëтган Италиянинг 500 аскари Носирия шаҳрида ал-Садрнинг юзлаб тарафдорларини тўхтатишга уринди. Юзага чиққан тўқнашувларда Италиянинг 11 аскари қаттиқ жароҳатланди.
Шунигдек Британия ва Испания аскарлаи ҳам АҚШ кучларига ëрдам кўрсатмоқда.

АА¸ жаҳон жамоатчилиги Ироқдаги сўнгги воқеаларга қандай муносабат билдирмоқда?

Тўқнашувлар¸ тартибсизликлар авжга чиққан шу кунларда Европанинг бир қатор давлатлари яна бир бор АҚШни БМТга Ироқдаги сиëсий жараëнни белгилаш имконини беришга чақирди. Испаниянинг янги Ташқи Ишлар вазири Испания кучларини Ироқдан олиб чиқиш ҳақида гапирди. Россия эса¸ зудлик билан ҳокимиятни ироқликларнинг ўзига топшириш кераклигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG