Линклар

Ўзбекистон вакиллари халқаро анжуманда


Зикрилло Ишонч БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссиясининг 28 март-3 апрель кунлари Женевада ўтказилган 60-йиллик сессиясида Ўзбекистондан ҳам вакиллар иштирок этди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат ташкилоти раҳбари Суръат Икромов мазкур анжуманда маъруза қилди. С.Икромовнинг айтишича, у ўз маърузасида мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ва мухолифат вакилларига бўлаётган тазйиқларга тўхталган. Шунингдек, тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳақида ҳам гапирган.

Сессияда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тергов бошқармаси бошлиғи Алишер Шарафутдинов ҳам қатнашди. Унинг сўзларига қараганда, сессияда мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ва режалаштирилаётган ишлар, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро ҳуқуқий меъёрларнинг бажарилиши хусусида ахборот берилган.

А.Шарафутдиновнинг таъкидлашича, мамлакатда ҳақиқатан ҳам инсон ҳуқуқлари борасида айрим муаммолар мавжуд. Олиб борилаётган ишлар айни муаммоларни ҳал қилишга қаратилган. Бунинг учун халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари, жамоатчилик фаоллари билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан кўплаб бузилаётгани, фуқаролар диний эътиқоди учун қамалаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Бунга жавобан А.Шарафутдинов шундай деди: “Бизнинг тизимимизда жиноят содир этишда гумон қилинаётганларни ушлаш, ҳуқуқини чеклаш ўз-ўзидан кўп кўзга ташланадиган ҳолат. Бизни диний эътиқод учун таъқиб қилишда айблашлар ҳам бўлди. Лекин биз бу айбловларни рад этдик. Чунки мамлакатимиз аҳлининг 80 фоизи мусулмонлардир. Шундан келиб чиқиб, бизга бу айбни қўйишнинг ўзи мантиққа тўғри келмайди. Биз фақат диний экстремизм ва қонунга зид ҳаракат қилган диндорларнигина жавобгарликка тортяпмиз”.

БМТнинг бундай анжумани Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

С.Икромовнинг айтишича, сессияда тилга олинган барча ҳолатлар БМТ комиссиясининг ҳисоботида ўз ифодасини топади. Шунга асосан кейинчалик зарурий таъсир чоралари кўрилади.
XS
SM
MD
LG