Линклар

Латвия Президенти лавозимидан озод этилди


Абдуллоҳ Эргаш Эшиттиришимизни халқаро мавзуларда давом этдириб, эътиборингизни 6 апрел куни Литвада бўлиб ўтган воқеага қаратмоқчимиз.

Литва бундан бир ҳафта олдин НАТОга қабул қилинди, яна 23 кундан сўнг эса мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши кутилмоқда. Литва давлатчилиги учун энг масъулиятли бўлган ана шу дамларда, бу ерда Европа ва постсовет давлатлари тарихида биринчи марта ғаройиб воқеа юз берди. Қандай воқеа экан у, дейсизми?

Литвалик Роландас Паксас касалхонага ётқизилди. Бунинг устига, жаҳондаги деярли ҳамма ахборот агентликлари “Паксас қон босими ошганлиги туфайли касалхонага ётқизилди”, деб дунёга жар солдилар.

Оддий ўзбекнинг тушига ҳам кирмаган Роландас ака шунчалик машҳурмики, унинг соғлиғи дунёни қизиқтирса? Ким ўзи у Роландас Паксас деганлари?

Танимаганларга таништириб қўяйлик. Роландас Паксас Литва Президенти эди. 6 апрелгача... 6 апрел куни Литва парламенти – Сейм депутатлари уни Президентликдан олиб ташладилару, Президент Паксас жаноблари оддий фуқаро Роландасга айланиб қолди. Бошқача айтганда, Парламент депутатлари Паксасга импичмент, яъни ишончсизлик эълон қилиб, ишдан бўшатдилар.

Паксасни Президентликдан олиш бўйича Литва Сеймида бўлган муҳокамага мамлакат Олий Судининг раиси Витаутас Грейкиус раислик қилди. У овоз бериш натижаларини эълон қилар экан:

“Депутатларнинг асосий қисми- учдан иккиси Литва Президенти, фуқаро Роландас Паксас 2003 йилнинг апрелида ўзининг 14-фармони билан ноқонуний равишда Юрий Борисовга молиявий ёки бошқа сезиларли ёрдам эвазига Литва фуқаролигини бериб, Литва Конституциясини ва ўз қасамёдини бузганлигини тасдиқладилар”,-деди.

Шундай қилиб, бир ҳафта олдин НАТО аъзолигига қабул қилинган ва май ойида Европа Иттифоқига кириши кутилаётган Литва Президентсиз қолди.

Сейм депутатлари Роландас Паксасни давлат сирларини ошкор этганликда, Россия разведкаси ва уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқаси қилганликда айбладилар. Кўпчилик депутатлар фикрича, Россиядаги айрим кучлар Паксаснинг сайловолди тарғиботларини молиялаштирган Юрий Борисов орқали Литванинг ички ишларига аралашиб келганлар.
Россия матбуоти, жумладан, KM.ru интернет нашрининг ёзишича, Литва Парламенти Паксасни лавозимидан олиш билан Европага мамлакатнинг Россия таъсир доирасида эмаслигини кўрсатмоқчи бўлган. “Паксаснинг ўрнига Россияга нисбатан яхши муносабатда бўлмаган Президентнинг келишини кутиш мумкин”, деб ёзади KM.ru интернет нашри.

Кечаги Президент, бугун эса Литванинг оддий фуқароси Роландас Паксас қон босими кўтарилиб кетганлиги сабаб касалхонага ётқизилмасдан сал аввалроқ ўзига билдирилган ишончисизлик ҳақида шундай деди:

“Бу импичмент Европа тарихида биринчи воқеа бўлди. Бу воқеа мамлакатимизнинг қўҳна Европа уйига қабул қилиниши олдидан содир бўлгани ачинарлидир. Бу импичмент менинг шахсий драмам ёки фожиам эмас, балки, Литва давлатчилигига, унинг қурилиши ва адлия тизими юзига тортилган тарсакидир. Шунингдек, у бизнинг сиёсий арбобларимиз виждони, ҳалоллиги ва маънавияти учун ҳам синов бўлади”,-деди Паксас ўз нутқида.

Роналдас Паксас Европа ва постсовет ҳудудида импичмент орқали лавозимидан бўшатилган биринчи Президент, бўлди. Лекин, Президентга ишончсизлик эълон қилиш амалиёти постсовет давлатларида биринчи марта Қирғизистонда қўлланилганлигини айтиб ўтмоқчимиз. 2001 йилнинг кузида Қирғизистон ҳукумати 90 минг гектарлик Узанги Қуш ҳудудини Хитойга бериб юборгандан сўнг, парламент депутатлари Президент Асқар Ақаевга импичмент эълон қилиш масаласини муҳокама қилган эдилар. Деярли бир ҳафталик муҳокамадан сўнг депутатларнинг кўпчилиги Президентга ишончсизлик билдиришга қарши овоз берган эдилар.

Ўзбекистонда ҳам Президентга импичмент эълон қилиш мумкинми? Бунинг учун қандай ҳуқуқий асослар бор? Бу саволимизга Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси Толиб Ёқубов шундай жавоб беради:

- Бу саволнинг жавоби жуда ҳам осон. Ўзбекистонда Литвадаги каби импичмент эълон қилиб бўлмайди. Чунки , Литвадан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда “Президент тўғрисида”ги қонун йўқ. Бу қонун , менимча, ҳалигача атайин қабул қилинмай келаётир. Агар бу қонун қабул қилинса, албатта унда импичмент тўғрисида ҳам гап бўлар эди,- дейди Толиб Ёқубов.
XS
SM
MD
LG