Линклар

logo-print

АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари пойтахт Бағдод атрофидаги "Сунний учбурчаги" деб номланган ҳудудларда шиа ва сунний исëнчиларга қарши амалиëтларни чоршанба куни ҳам давом эттирдилар. Бағдод ғарбидаги Рамади ва Фаллужа шаҳарларида маҳаллий исёнчиларга қарши кенг миқёсли амалиёт олиб бордилар. Кеча мазкур худудларда 12 нафар АҚШ ҳарбий денгиз пиёдачиси ва ўнлаб ироқлик ҳалок бўлган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, якшанбадан бери давом этаётган Ироқдаги тўқнашувларда 31 нафар коалиция ҳарбийси ва 160дан ортиқ ироқлик нобуд бўлган.

Ироқда Саддам Хусайн режими қулаганидан сўнг айнан мана шу Рамади, Фаллужа ва Бағдод ғарбини туташтирувчи сунний учбурчаги аксил-америка кайфиятидаги гуруҳлар учун қўрғон бўлиб қолмоқда. Ироқдаги АҚШ Армияси бригадири Генерал Марк Киммит коалиция қўшинлари Мўктадо ал Садр ал Мехди қуролли гуруҳларини яксон этишга киришганини маълум қилди. "Ироқнинг марказий ва жанубий худудларида коалиция ва Ироқ хавфсизлик кучлари Мехди Армиясини яксон этишга киришган. Бағдодда биринчи ўқчи дивизия рейдларни давом эттирмоқда", - деди Киммит.

Шунингдек, АҚШ Генерали Ал Садр шиа ва сунний қуролдорлар Ироқда ҳокимият ироқликлар қўлига ўтишига тўсиқ бўлаёганини ҳам урғулади. Маълумки, шу йил 30 июнда Ироқда хокимият маҳаллий бошқарув қўлига ўтиши керак. Лекин, кўпчилик кузатувчилар Ироқдаги тартибсизликлар боис у ерда яқин ойлар ичида ироқликлардан иборат кучли хокимият тузилишига шубҳа билан билдирмоқдалар. Хусусан, "Таймс" газетасида босилган "Ироқ – янги Вьетнамми" сарлавҳали мақолада, токи Ироқда тартибсизликлар давом этар экан, у ерда сиёсий реконструкция ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, деган фикр олға сурилади. "Ироқда Америка бошқаруви кўплаб ёш сунни ва шиаларни экстремистлар қучоғига отмоқда", - деб ёзади мақола муаллифи.
XS
SM
MD
LG