Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:51

Рашид Қодиров бегуноҳларни қамамасликка ваъда берди


Шайбон 9 апрел куни Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров 28 март – 1 апрель кунлари мамлакатда содир бўлган воқеалар юзасидан олиб борилаётган тергов жараёни хусусида брифинг ўтказди.

Р.Қодировнинг таъкидлашича, мазкур воқеалар юзасидан мингдан ортиқ суриштирув тадбири ўтказилган ва етти юзга яқин шахс сўроқ қилинган. Бунинг натижасида амалга оширилган террорчилик ҳаракатларига алоқадорликда гумон қилиниб 54 шахс ушланган. 45 киши аниқ айбловлар билан ҳибсга олинган бўлиб, уларнинг 15 нафари аёллардир. Ҳуқуқ-тартибот органларида профилактик рўйхатда турган шахсларнинг террорчилик ҳаракатларига дахлдорлиги масаласи текширилмоқда. Айни текширувлар давомида ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушлаган 421 шахсдан 9 нафари террорга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган. Қолганлари эса қўйиб юборилган.

Р.Қодировнинг сўзларига қараганда, мазкур воқеаларда ҳалок бўлган 30 террорчининг шахси аниқланди. Бошқа террорчиларнинг шахси ДНК экспертизаси ўтказиш йўли билан аниқланмоқда. Шунингдек, мазкур террорчиликни содир этган жиноий ташкилотнинг 84 аъзосидан 62 нафари эркак, 22 таси аёл экани маълум бўлган. Террорчиларнинг асосий қисми 20-30 ёшлардаги шахслардир. Айни ҳолат террорчи гуруҳлар ёшларни диний экстремизм домига тортишга уринаётганидан дарак беради.

Бош прокурор террорчилар фойдаланган портловчи қурилмалар қўлбола бўлиб, уй шароитида тайёрланганини билдирди.

Жорий йилнинг 29 март куни ўтказилган брифингда Бош прокурор бу портлашлар ортида “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқими аъзолари турганини айтган эди. 2 апрель кунги брифингда у мазкур воқеалар ортида кимлар тургани аниқланаётгани, аммо тергов натижалари террорчилар ҳаракатлари хориждаги ягона марказ томонидан бошқариб турилганидан дарак бераётганини таъкидлаганди.

Журналистлар билан бу сафарги учрашувда эса Р.Қодиров портлашлар “Ҳизб ут-таҳрир”нинг дастлабки бўғини бўлмиш “жамоат”лар томонидан содир этилгани ҳақида баёнот берди.

“Уларнинг ўз жонига қасд этиш орқали содир этилган қўпорувчилик ҳаракатлари “Туркистон исломий ҳаракати” аъзолари даъвати асосида амалга оширилган. Тергов-суриштирув натижаларидан маълум бўлишича, террорчилар ягона шахсга итоат қилган ва унинг кўрсатмаси бўйича иш олиб борган”, - деди Бош прокурор.

Бу шахснинг ким ва қаердалиги тергов мақсадларида ошкор этилмади.

“Ҳибсга олинган шахсларнинг кўрсатмаларидан маълум бўлишича, уларнинг ўқув ва жанговар тайёргарлиги қўпорувчилик лагерларида араб инструкторлари томонидан олиб борилган. Ўз вақтида “Ал-Қоида” жангарилари ҳам шу инструкторлардан таълим олган”, - деди Р.Қодиров.

Бош прокурор ҳибсга олинганларнинг аксарияти Покистон ва бошқа давлатлар ҳудудларида жойлашган лагерларда жанговар тайёргарликни ўтаган.

Брифинг сўнггида Р.Қодиров айрим маҳаллий ҳамда халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг ҳибсга олинганлар қийноққа солинаётгани ва асоссиз қўлга олишлар кўпайиб бораётганини ҳақидаги маълумотларига муносабат билдирди.

“Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, тергов давомида инсон ҳуқуқлари масаласига жиддий риоя қилинади ва бегуноҳ одамларнинг жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмайди”, - деди Р.Қодиров.
XS
SM
MD
LG