Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:20

Амалдорлар камаймоқда, маош эса ошгани йўқ


Тўлқин Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Иқтисодиёт вазири Рустам Азимовнинг таъкидлашича, мамлакатда бошланган маъмурий ислоҳотлар туфайли мамлакатда давлат бошқарувида фаолият кўрсатадиган 41 мингга яқин амалдор ва хизматчи вазифасидан озод этилади.

Айни маъмурий ислоҳотлар бўйича республика комиссияси раиси Р.Азимов бу ҳақда жорий йилнинг 16 мартида бўлиб ўтган брифингда маълум қилган эди. Унинг билдиришича, ислоҳотлар натижасида мамлакатдаги мавжуд вазирликлар сони 13 тага, давлат қўмиталари 11 тага, агентликлар 9 тага, марказлар ва инспекциялар эса 7 тагача қисқаради. Маъмурий ислоҳотлар бир йилда 40,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағни тежаб қолишга имкон туғдиради, шунингдек, Ўзбекистонда МДҲда энг ихчам бошқарув тизими шаклланади.

Хўш айни пайтда бу ислоҳотлар қандай бормоқда?

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Соҳибжон Акромовнинг билдиришича, мазкур вазирликда 6740 та штат қисқартирилиб, 3 миллиард 400 миллион сўм маблағ иқтисод қилинган. Бундан ташқари, сув хўжалиги тизимида ҳам 1061 киши қисқартирилиб, уларнинг 559 нафари бошқарув аппарати ходимидир.

Маъмурий ислоҳот мамлакатнинг иқтисодий-сиёсий, ижтимоий ҳаётига қандай таъсир кўрсатади?

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев бу саволга жавоб берар экан, шундай деди:

“Албатта, беш амалдорга эмас, биттасига ҳақ тўлаш давлат бюджети учун қулай ва фойдали экани соғлом фикрли ҳар қандай инсон учун тушунарли. Аммо масала шундаки, бир ўзи аввалги беш амалдорнинг ишини қиладиган шахс уларга нисбатан яхшироқ, ҳалол ишлайдими? Давлат амалдорларининг иш ҳақи ошириладими? Масаланинг ўзаги шу ерда. Давлат бошқарувини қисқартириш ҳақида гапирилиб, амалдорларнинг маошлари ошириш тўғрисида айтилмаётир. Агар уларнинг маоши катта бўлганида ишига масъулиятлироқ ёндашган бўлар эди”.

Б.Мусаевнинг фикрича, аввало, амалдорларнинг порахўрлик билан шуғулланмаслиги учун чора-тадбирлар кўрилиши зарур.

“Бизда ҳар бир лавозим, гарчи мансаб учун белгиланган ойлик маоши ниҳоятда кичик бўлса-да, катта пулга сотилади. Чунки амалдор мансабни маош биланг яшайман, деб сотиб олмайди. У ҳеч қачон маошга яшамайди. Бундай шароитда маъмурий жабҳада ўтказилган ҳар қандай ислоҳот фойдасиздир,” - деди жамиятшунос.
XS
SM
MD
LG