Линклар

logo-print

Толиб Ёқубов ўз сафдошини ҳимоя қилишга бел боғлади


Тўлқин 9 апрель куни Зарбдор тумани суди “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг Жиззах вилояти кенгаши раиси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Зарбдор тумани бўлими раиси Мўйдинжон Қурбоновни уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Мазкур суд жараёнида кузатувчи сифатида иштирок этган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроевнинг билдиришича, М.Қурбоновга ўқотар қурол, ўқ-дори ва гиёҳванд модда сақлаганлик айби қўйилган. Суд ҳукмида айбланувчи 3,5 йиллик жазо муддатини умумий тартибдаги колонияда ўташи белгиланган. Суд қарорига кўра, ҳукм ўқилган муддатдан бошлаб ўн кун ўтгач, кучга киради.

М.Қурбонов жорий йилнинг 16 февраль куни ҳибсга олинган эди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари унинг уйида ўтказилган тинтув чоғида қаровсиз товуқхонадан ов милтиғи, гиёҳванд модда ва ўқ-дори топганди.

Б.Ҳамроевнинг сўзларига қараганда, суд мажлиси чоғида айбланувчи қўйилган барча айбларни рад этган ва ўзига нисбатан туҳмат уюштирилган деб ҳисоблашини билдирган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов М.Қурбонов устидан ўтказилган суд жараёнларида жуда кўп халқаро ташкилотлар вакиллари, ҳатто Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ҳам қатнашганини таъкидлади.

“Бу суд мажлисларида айб қўювчи томоннинг гувоҳлари қанчалик шарманда бўлганини биз ўз кўзимиз билан кўрдик. Умуман, Ўзбекистонда одил суд ҳеч қачон бўлган эмас. У ҳамма вақт ҳокимият вакиллари буюртмасини бажариб келган. М.Қурбоновга нисбатан чиқарилган ҳукм ҳам мухолифат вакилларини мунтазам таъқиб қилиб келган ҳукумат томонидан берилган буюртма судьяга ўз кучини кўрсатганидан даракдир”, - деди Т.Ёқубов.

Т.Ёқубов ўзи раҳбарлик қилаётган жамият аъзолари М.Қурбоновга чиқарилган ҳукмдан норозилик билдириб, юқори суд инстанцияларига мурожаат қилишини, шунингдек, уни бошқа йўллар билан ҳимоя қилишга уринишини маълум қилди.

“Биз фақат тинч йўл билан норозилик билдириш имконига эгамиз. Биз М.Қурбоновни ҳимоя қилиш учун узлуксиз пикетлар ўтказамиз. Жаҳон демократик жамоатчилиги эътиборини мана шу қонунсизликка, инсон ҳуқуқлари топталиши фактига қаратишга ҳаракат қиламиз”, - деди Т.Ёқубов.
XS
SM
MD
LG