Линклар

logo-print

ИРОҚДА ГАРОВГА ОЛИНГАНЛАР 7 ХИТОЙЛИК ҲИСОБИГА ОРТДИ

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқнинг Фаллужа шаҳрида урушаётган томонлар орасида ўт очмаслик тўғрисидаги келишувга қарамай, ўтган тунда шаҳарнинг айрим нуқталарида бомба портлашлар, ўқ овозлари эшитилган. Ўтган бир ҳафта давомида Ироқдаги коалиция кучлари ва қуролли исёнчилар ўртасидаги жангларда жами 600 га яқин ироқлик нобуд бўлди, Америка томони эса 70 нафар аскарини йўқотди. Айни пайтда, Пекин ҳукумати Ироқда етти нафар Хитой фуқароасининг номаълум гуруҳлар тарафидан гаровга олинганини тасдиқлади.

Ўтган тунда Фаллужадаги айрим отишмаларни ҳисобга олмасак, шаҳарда деярли осойишталик ҳукмрон экани хабар қилинмоқда. Томонлар иложи бор қадар ўт очмаслик тўғрисида эришилган муросага амал қилишга ҳаракат қилмоқдалар. Америка қўшинлари ва қуролли исёнчилар ўртасида воситачилик қилаётган Ироқ вакили Алиа Ал Мекки оташкесин муддати душанба тунга қадар узайтирилгани ва у яна узайтирилиши мумкинлигига ишонч билдирди. Ҳозирда бу борада томонлар ўртасида музокаралар давом этмоқда.

Америка томони эса, ўтган хафта ушбу шаҳарда Америка хусусий ширкати ҳизматчиларини ўлдирган шахслар топширилишини талаб қилмоқда. Ироқдаги АҚШ маъмурияти бошлиғи Пол Бремер Фаллужа шаҳрида олиб борилаётган амалиётлардан асосий мақсад АҚШ фуқароларини ўлдирган ва улар жасадларини оёқ ости қилган қотилларни қўлга олиш эканини қайд этди. Агар муроса шартлари бажарилмаса Фаллужада ҳарбий амалиётлар яна давом этиши мумкин.

"Ҳарбий денгизчиларимиз буйруққа асосан Фаллужадаги душман кучларини йўқ қилишни оҳирига етаказишга шай бўлиб туришибди. Улар ҳар қачонгидан кучли қуролланган. Бироқ, биз масалани ҳал этишнинг сиёсий йўлини излаяпмиз ва музокаралар самарасини кутяпмиз", - деди АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари бригадири Генерал Марк Киммит бундан бир неча соат аввал.

Ўтган ҳафта Ироқда номаълум гуруҳлар уч нафар япон фуқароси ва бошқа давлат фуқароларини гаровга олган ва агар Токио ҳукумати ўз қўшинларини Ироқдан олиб чиқиб кетмаса уларни тириклайин ёқиб юборишларини айтишган. Душанба куни эса гаровга олинганлар сони Хитой фуқаролари ҳисобига кўпайди. Ироқ урушини қўллаб-қувватламаган ва Ироққа қўшин жўнатмаган Хитой фуқароларининг нима сабабдан гаровга олингани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Душанба куни Qатарнинг "Ал Жазира" телеканали ниқоб кийиб олган гуруҳлар, афтидан осиёлик саккиз нафар шахсни гаровда ушлаб тургани акс этган кадрларни намойиш этди. Лекин айрим тахминларга кўра, Ироқдаги қуролли гуруҳлар Хитой фуқароларини япониялик ёки жанубий кореялик деб ўйлаб, уларни гаровга олган бўлишлари мумкин. Шунингдек, АҚШ вице-президенти Дик Чейнининг сешанба куни Хитойга сафари кутилмоқда. Лекин Хитой фуқароларининг гаровга олиниши ва АҚШ вице-прездентининг Хитойга сафари ўртасида боғлиқлик борми ёки йўқ бу ҳам ҳозирча тасдиғини топмаган.

Айни пайтда гаровда ушланаётган уч нафар япон фуқароси тақдири ҳам номаълум бўлиб қолмоқда. Душанба куни журналистлар олдида чиқиш қилган Япония Бош вазири Юничиро Коидзуми бу ҳақда баён қилди. Ўзларини "Мужоҳидлар бригадаси" деб атаётган гуруҳлар, агар Япония ўзининг 550 аскарлик қўшинини Ироқдан олиб чиқиб кетмаса, гаровдаги япон фуқароларини тириклайин ёқиб юборишларини маълум қилишган. Улар қўйган муҳлат душанба куни Тошкент вақти билан кундузги соат 12да ниҳоясига етди. Япон дипломатларига кўра, уларни озод этиш борасидаги уринишлар ҳозирча бесамар қолмоқда. Лекин, улар тирик экани ҳақида маълумотлар бор.

Шунингдек, америкалик Томас Hеммил исмли гаровга олинган шахснинг тақдири ҳам номаълум бўлиб қолмоқда. Томас жума куни гаровга олинган эди, унинг ҳам қатл этилиш муддати тугади. Лекин, Томас Hеммилнинг на тирик ва на ўликлиги ҳақида маълумот бор ҳозирча.
XS
SM
MD
LG