Линклар

Жамоатлар нима?


Тўлқин 9 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров мамлакатда яқинда амалга оширилган террорчилик ҳаракатларида хавфли диний-экстремистик тоифага киритиш мумкин бўлган гуруҳ – жамоатларнинг алоқаси борлигини билдирди.

Р.Қодиров бу жамоатларнинг 2000 йилдан то шу кунгача Тошкент ва Бухоро вилоятларида фаолият олиб боргани тергов вақтида маълум бўлганини билдирди.

Бош прокурорнинг таъкидлашича:

“Терговлар чоғида қўлга киритилган маълумотларга кўра, жамоатларнинг террактлар чоғида ўзини ўзи қурбон қилишга қаратилган диний дунёқараши ва мақсадлари негизида “Ҳизб ут-таҳрир”нинг “Туркистон исломий ҳаракати” ҳамда бошқа исломий экстремистик оқимларга хос радикализм элементлари билан тўйинтирилган ғоялари ётади”.

Р.Қодиров жамоатларга таъриф бериб, улар “Ҳизб ут-таҳрир”нинг дастлабки бўғини эканини айтиб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, бу бўғинда ёшларга дастлаб анъанавий диний таълим берилади. Сўнг эса улар радикал экстремизм ғояларига ўтиш йўли билан жиддий мафкуравий тайёргарликка тортилади. Айни пайтда, қўлга олинганларнинг кўрсатмаларига кўра, руҳий таъсир кўрсатиш усулларидан фойдаланган ҳолда уларнинг онггига жиҳодни амалга ошириш зарурияти сингдирилади.

Хўш, Бош прокурор айтиб ўтганидек, 2000 йилдан террорчилик ҳаракатларини содир этишга тайёргарлик бошлаган мазкур жамоатлар “Ҳизб ут-таҳрир”нинг таркибий қисмими ёки алоҳида ташкилотми?

“Ҳизб ут-таҳрир” аъзоси Райҳон Азимованинг таъкидлашича, “жамоат” деб аталадиган ташкилот йўқ.

У жамоатларга таъриф бериб, шундай деди:

“Биринчи бўғин - жамоатда ҳар бир ўқитувчида бешта дорис бўлади. Жамоатлар бу нарсага (портлатишларга) қодир эмас. Чунки дорислар Аллоҳнинг йўлини энди ўрганаётганлардир. Уларга йўл тушунтирилаётганда Аллоҳ динининг нақадар гўзаллиги, бу дин фақат яхшиликка чақириши уқтирилади”.

Р.Азимованинг таъкидлашича, мамлакатда содир этилган террорчилик ҳаракатларида нафақат жамоатларнинг, балки “Ҳизб ут-таҳрир”нинг ҳам умуман алоқаси йўқ.

“Чунки ҳизбчилар жангари гуруҳ эмас. Уни моддий ва қурол жиҳатдан таъминлайдиган манба ҳам йўқ. Ҳатто аёллар қамоқхоналарга (яқинларини кўришга) боришга қийналганда ҳам ҳеч қандай ёрдам берилмаган. Ҳизбчилар холис, ўз ақли билан Аллоҳни идрок қилган аҳли суннанинг бир тоифасидир”, деди А.Азимова.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икомов ҳам ҳизбчилар куч ишлатишга қарши эканини, бу қоидалар уларнинг уставида ёзиб қўйилганини таъкидлади.

Бош прокурор Р.Қодиров билдиришича, мазкур террорчилик ҳаракати ортида ким тургани масаласи синчиклаб ўрганилмоқда ва бу хусусдаги аниқ хулосани суд чиқариши мумкин.
XS
SM
MD
LG