Линклар

Сиёсий маҳбус Қулов атрофидаги гаплар


Абдуллоҳ Эргаш Қирғизистон мустақиллигининг биринчи йилларида Вице- Президент лавозимида ишлаган Феликс Қулов, 2000 йили хизмат мавқеидан фойдаланиб, ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган, деган айблов билан 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Қирғизистон мухолифатининг энг обрўли арбоби бўлган бу шахс тарафдорлари мана 4 йилдирки унинг қамоқдан озод этилишини талаб қилмоқдалар. Уларнинг бу талабини Халқаро ташкилотлар ҳам қўллаб-қувватламоқдалар. 15 апрел куни Қирғизистонда Қуловни озод қилиш талаби билан яна бир норозилик юриши ўтказилади.

Чапаев ва Петька Президентлик сайловларида кимга овоз беришни муҳокама қилишмоқда.
- Василий Иванович, ростини айт, сен кимнинг тарафидасан? Кимга овоз берасан?- деб сўрайди Петька.
- Феликс Қулов кимнинг тарафида?
- Қулов мухолифатни қўллаяпти, Василий Иванович.
- Петька, унда мен ҳам Қулов билан бирга халқ тарафидаман.
Бу 2001 йилги Президентлик сайловлари олдидан Қирғизистоннинг барча телеканалларида кечаю-кундуз намойиш этилган сайловолди ташвиқоти эди. Феликс Қулов бу пайтда хизмат мавқеидан фойдаланиб, катта миқдорда давлат маблағини ўзлаштирган, деган айб билан 10 йилга кесилганига қарамай, унинг Қирғизистондаги обрўсидан мухолифат унумли фойдаланишга ҳаракат қилар эди.

Қирғизистон мухолифатига кўра, Феликс Қулов мамлакатдаги ягона сиёсий маҳбус. Президент Ақаевдан кейин Қирғизистон сиёсатида таъсир кучига эга бўлган энг нуфузли шахс. Халқаро ташкилотлар унинг қамалишини муҳолифат раҳбари сифатида олиб борган фаолияти билан боғлашмоқда. Қирғизистондаги “Ор-Номус” партияси раисининг ўринбосари Эмил Алиев эса: “Қулов қалбаки айбловлар билан қамалган. Уни қамоқда ноқонуний ушлаб туришибди ва қонун бўйича у озодликка чиқарилиши керак. Лекин шунга қарамай уни озод қилишмаяпти, чунки у амалдаги ҳокимият учун кучли рақибдир”,- деб фикр билдиради.

Шу кунларда қирғизистонликлар орасида “Қулов 1 июн куни қамоқдан чиқарилар эмиш”, деган гап юриб қолди. Бу гап асоссиз эмас эди. Қуловнинг адвокати Любовь Иванова Қирғизистон Адлия Вазирлиги Жазони Ўташ Маҳкамалари Бошқармаси бошлиғи Владимир Носов унга Қуловни 1 июнгача озод қилиш масаласи кўриб чиқилаётганлигини билдирганлигини айтган. Бироқ, куни-кеча Адлия Вазирлиги матбуот котиби Сергей Сидоров бу маълумотни рад этди ва “Озодлик” радиоси қирғиз хизматига шуларни билдирди:

“Жазони Ўташ Маҳкамалари Бошқармаси раҳбарияти бундай билдирув қилганлигини инкор этади. Лекин, Қулов ҳам барча маҳбуслар каби муддатидан олдин озод этилиш ҳуқуқига эга эканлигини тан олади”,- деди Сергей Сидоров.

Бу раддия Қулов тарафдорларини яна оёққа турғизди. Қирғизистон мухолифати ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари 15 апрел куни Феликс Қуловни озод қилиш талаби билан норозилик юришига чиқишларини билдирдилар. Норозилик юриши ташкилотчиларидан бири, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Турсунбек Акун гапиради: “Норозилик юриши бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Юришда асосан Байтиқ ва Қорабура шаҳарчалари аҳолиси ва бишкекликлар қатнашадилар. Биз Бишкек шаҳри марказидан Қулов ушланиб турган қамоқхонагача бўлган 48 километрли масофани пиёда босиб ўтамиз”,- деди Турсунбек Акун.

Қирғизистон ҳукумати бундай норозилик чиқишига эътибор берадими? Ўтган
йили республиканинг барча вилоятларида Қулов тарафдорларидан 30 киши бир ой очлик эълон қилган эди. Ҳукумат “Очлик эълон қилиш ҳар бир одамнинг шахсий иши ва ҳуқуқи”, деган билдирув билан чиқиб, бу ҳаракатни эътиборсиз қолдирди. Ўша йили Бишкекдаги Президент саройи олдида бир неча юз киши бир ҳафта давомида тинимсиз митинглар ўтказди. Ҳукумат бунга ҳам фикр билдирмади. 15 апрел куни бўладиган норозилик юриши ташкилотчилари бу сафар ҳам ҳукумат уларнинг ҳаракатларини беэътибор қолдиришини билдирмоқдалар. Лекин: “Норозилик юриши Қирғизистон халқига ва халқаро жамоатчиликка мурожаат бўлади. Биз халқ ва халқаро жамоатчилик адолат тикланиши учун Қирғизистон ҳукуматига босим кўрсатади, деб ишонамиз,”-деди “Ор-Номус” партияси раҳбарларидан бири Эмил Алиев.

Бишкек шаҳар прокуратураси эса норозилик юриши ноқонуний эканлигини билдирмоқда. Прокуратурага кўра, Қирғизистон қонунчилигида норозилик юришини ҳукуматдан рухсат олмай ўтказса бўлади, лекин 15 апрелда ўтадиган норозилик юришини ўтказиш учун: “Албатта руҳсат олиниши керак. Чунки Бишкек шаҳрида қабул қилинган қонунга кўра, норозилик юриши катта тадбир ҳисобланади ва ҳокимият бундай тадбирга рухсат бериши зарур”,- деди Бишкек шаҳар прокуратураси масъул ходими Улан Чалбаев.
XS
SM
MD
LG