Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:53

Ўзбекистонда дипломатик дахлсизлик ҳам бир пул…ми?


Шайбон Маълумотларга кўра, 11 апрель куни Тошкентдан Қўқонга йўл олган Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Мюррейнинг машинаси милиция блок-постларида йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан бир неча бор тўхтатилган.

Гарчи К.Мюррей ўзининг кимлигини маълум қилган бўлса-да, унинг ҳужжатлари синчиклаб текширилган. Мазкур воқеалар сабабли элчи Қўқонда ўтказилиши мўлжаллаган тадбирга кеч қолган.

“Озодлик” мухбири бўлиб ўтган воқеа юзасидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилди.

“Чиндан ҳам шундай кўнгилсизлик бўлди. Элчи буни кичик муаммоли вазият сифатида баҳолади. Яъни бу элчи учун чиндан ҳам ўта кўнгилсиз воқеа”, деди элчихона матбуот котиби Леонид Кудрявцев.

К.Мюррей Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мухолифат вакиллари ўртасида катта обрўга эга. У ўз чиқишларида расмий Тошкентнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги кескин сиёсатини, мухолифатни тан олмаслик кайфиятини танқид қилган эди. Шу боис, маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамда мухолифат аъзолари бу ҳолатни расмийлар элчига муносабатини шу тарзда ифодаламоқда, деб баҳолатаётир.

Умуман элчининг машинаси тўхтатилиб, ҳужжатлари текширилиши нечоғли тўғри? Бу саволга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокиров жавоб берди.

“Элчининг машинаси тўхталиши мумкин. Бордию, қандайдир автоҳалокат содир бўлса, воқеага аниқлик киритиш мақсадида тўхтатилиши мумкин. Аммо қўполликка йўл қўйилмайди, айниқса, машинада элчининг ўзи бўлса...”, деди И.Зокиров.

Лекин элчининг машинаси ҳеч кимни уриб юбормаган, йўл қоидасини бузмаган. Шунга қарамай, машина дипломатик номерларга эгалиги, унда элчи кетаётган бўлса-да, ҳужжатлар текширилган. Илҳом Зокиров буни шундай изоҳлади:

“Бу тўла асосли ҳаракат (яъни машина тўхтатилиб, ҳужжат текширилгани). Ҳозирги вазиятда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Айтайлик террорчилар қалбаки дипломатик номер ўрнатиб, машинадан фойдаланиши мумкин. Шу боис, бу ерда ҳеч қандай муаммонинг, ноқонуний ҳаракатнинг ўзи йўқ. Дипломатик машиналарда махсус ҳужжат бўлади, унда машина рақами, кимга тегишли экани қайд этилади. Тўхтатган милиция ходими ҳужжат билан танишиб ҳаммаси тўғрилигига амин бўлгач, уларни қўйиб юборади. Бу нормал ҳолат ва ҳамма ерда қўлланилади”.

Бу ўринда И.Зокиров яқинда мамлакатда содир бўлган воқеаларни назарда тутмоқда. Аммо Америка юристлар уюшмаси вакилининг таъкидлашича, содир бўлган воқеалар дипломатлар машинасини тўхтатишга ва унинг ҳужжатларини текширишга асос бўла олмайди.

“Зеро, мамлакатда гарчи портлашлар юз берган бўлса-да, расман фавқулодда ҳолат эълон қилингани йўқ. Бундай шароитда дастлаб маҳаллий телевидение ва радио орқали фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳақида расман маълум қилиниши керак. Мадомики, бундай қилинмаган экан, у ҳолда дипломатнинг машинасини тўхтатиш, ҳужжатларини текшириш Вена конвенциясига зид ҳаракат ҳисобланади ва дипломатик дахлсизликни тан олмаслик сифатида баҳоланади”, деди уюшма вакили.

Дарвоқе, 29 март куни ўтказилган брифингда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев мамлакатда ҳеч қандай фавқулодда ҳолат эълон қилинмаганини таъкидлаганди.

“Ишончингиз комил бўлсинки, Тошкент худди аввалгидай дипломатларнинг тинч ва хавфсиз фаолият юритиши учун барча шароитлар таъминланган шаҳар бўлиб қолади”, деган эди ўшанда вазир.
XS
SM
MD
LG