Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:00

Ҳижобли ўқувчиларга қийин бўлди


Дилнаво Маълумотларга қараганда, Тошкент шаҳри мактабларида ҳуқуқ-тартибот ходимлари мактаб маъмурияти билан биргаликда ҳижоб ўраган ўқувчи қизлардан рўмолларини ечиб ташлашни талаб қилмоқда.

Ўзбекистонда яқинда юз берган портлашлар муносабати билан мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари фаолияти маълум муддат тўхтатилган эди. Вазият барқарорлашгандек бўлгандан сўнг эса улар ўз фаолиятини одатдаги тартибда давом эттира бошлади. Бироқ, хабарларга кўра, ҳижобли ўқувчи қизлар таълим муассасаларида айрим тақиқларга дуч кела бошлаган.

Тошкент мактабларидан бирида ўқийдиган Лобар Жалилованинг таъкидлашича, ўқишнинг биринчи кунидан ҳижобли барча қизлар мактаб раҳбари хонасига чақирилган. Мактаб раҳбари ва ҳуқуқ-тартибот ходими ҳижобли қизлардан мактаб ҳудудига кирганда ҳижобни ечиб қўйиш лозимлигини талаб қилган. Шунингдек, масъуллар бўлиб ўтган портлашлар ҳижобли аёллар томонидан содир этилганини, агар ўқувчи қизлар ҳам ҳижобни ечмаса, уларнинг рўйхатини ички ишлар бўлимига юборишларини айтиб, пўписа қилган.

Мактаб ўқитувчиси Мамлакат Турғунова таълим муассасасида ҳижоб ўраган қизлар, ҳатто ота-онаси намоз ўқийдиган ўғил болалар ҳам қаттиқ назоратга олинганини билдирди.

“Биз ҳам қийналяпмиз. Беш вақт намозини ўқиб, бировга озор етказмайдиган кишилар дилини оғритишга мажбур бўлдик. Ўқувчилардан диний ўқишларга бормаслиги ҳақида тилхат олдик”, деди у.

М.Турғунова ҳижобли ўқувчилардан кўра ҳижобли ўқитувчиларга анча қийин бўлганини таъкидлади.

Яна бир ўқитувчи мактабларда бўлаётан бу можароларга тўхталиб, шундай деди:

“Адабиёт дарсларида Имом ал-Бухорий ҳадислари, Рабғузий асарлари ўрганилади. Навоийнинг исломга муносабати, аввало, Аллоҳни улуғлагани ҳақидаги фикрлар айтилади. Бироқ юқоридан берилаётган буйруқлар таълим дастурларига киритилган мана шу дарсларга бутунлай тескари”, деди у.

Ҳижобли қизлардан бирининг онаси мавзу юзасидан фикр билдириб, нега калта юбка, шим кийганларга индашмай, ҳижоблиларга тақиқ қўлланилаётганига тушунмаётганини таъкидлади.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан Халқ таълими вазирлиги Тошкент шаҳри бўлимининг мактаблар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдуманноп Собировга мурожаат қилди. У мактаблардаги тартиблар бирорта буйруқ асосида амалга оширилаётганини инкор этиб, шундай деди:

“Мактабларда тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Чунки ўқувчи дарсга мактаб формасида келиши керак, ҳижобда эмас. Тошкент шаҳри мактабларида устав билан тасдиқланган формалар бор. Барча ўқувчи ўша формани кийишга мажбур”, деди А.Собиров.

А.Собиров мактаблардаги тартибнинг айнан шу кунларда жорий этилиш сабабларини тушунтиришни истамади.
XS
SM
MD
LG