Линклар

Мухолифат вакиллари бирлашмоқда


Турғунбек 11 апрель куни Қўқон шаҳрида мухолифатдаги партиялар, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Мюррей ҳам қатнашди.

“Эрк”, “Бирлик халқ ҳаракати”, “Озод деҳқонлар” каби мухолифатдаги партиялар, бир неча нодавлат ташкилотларнинг Тошкент, Жиззах ва Фарғона водийсидан келган вакиллари турли масалаларни муҳокама қилди. Улар яқинда Ўзбекистонда рўй берган воқелар юзасидан тузилган ҳукумат комиссияси мухолифат вакиллари билан ҳамкорликда ишлаши зарурлиги, шундагина хулоса адолатли бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, йиғилишда 2004 йил охирида ўтказилиши мўлжалланаётган парламент сайловида мухолифат ҳам иштирок этиши зарурлигига урғу берилди.

Йиғилишда сиёсий партиялар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг кўнгилли бирлашмаси – Республика давра кенгаши таъсис этилди. “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раисининг Фарғона водийси бўйича ўринбосари Ҳамдам Сулаймоновнинг сўзларига қараганда, сайловлар олдидан ҳар уч ойда йиғилиш ўтказиш, мустақил номзодларни кўрсатаётган ташаббус гуруҳларини биргаликда қўллаб-қувватлаш давра кенгаши аъзоларининг асосий вазифаси бўлиши керак.

Йиғилишда иштирок этган Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Мюррей ўз мулоҳазаларини билдириб, жумладан, шундай деди: “Бугун ниҳоятда муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистондаги демократик мухолифат вакилларининг ягона куч сифатида бирлашгани, улар ўз режаларини ўртоқлашгани мамлакатнинг яқин келажагини белгилайди. Бу ерда қабул қилинган қарорлар ҳар қандай жамият тараққиётини белгиловчи мухолифатнинг фаолияти туфайлигина мамлакатда чинакам демократия барпо этилишидан далолат беради”.

Шу ўринда К.Мюррей билан бўлиб ўтган воқеага ҳам тўхталиш керак. Элчи Тошкентдан Қўқонга келаверишда унинг машинаси йўл-партуль хизмати ходимлари томонидан бир неча марта асоссиз равишда тўхтатилди. Бу воқеа хусусида тўхталар экан, К.Мюррей: “Ўзбекистонда мавжуд тузумдан ҳамма нарсани кутиш мумкин”, дея қисқача жавоб берди.

Таъсис этилган Республика давра кенгашининг навбатдаги йиғилиши Тошкент шаҳрида 9 май куни ўтказиладиган бўлди. Бу тадбирни ўтказишга “Озод деҳқонлар” партияси масъул қилиб белгиланди.
XS
SM
MD
LG