Линклар

Чорсуда ўлган одамнинг кимлиги маълум бўлди


Тўлқин Жорий йилнинг 28 мартида Тошкентдаги Чорсу бозорида милиция ходимининг калтаклаши оқибати қари киши вафот этгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди. Кўпчилик 29 март куни Чорсуда рўй берган портлашлар мана шу ўлим билан боғлиқ экани ҳақида тахмин билдирганди.

Кекса киши бозорда вафот этган куни унинг шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган эди. Тўғрироғи, ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳодиса ҳақида муносабат билдиришни, марҳумнинг кимлигини айтишни истамаганди.

Ниҳоят “Озодлик” мухбири марҳум ҳақида маълумот олишга муваффақ бўлди. “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Анвар Тўрахўжаевнинг маълум қилишича, марҳум Чилонзор тумани “Чархи камолон” маҳалласида истиқомат қилган 65 ёшли Аҳмаджон Турдиевдир. У 28 март куни Чорсу бозорига харид қилиш мақсадида борган. А.Турдиев бозорда андижонлик бир аравакаш йигитга милиция ходимининг тазйиқ ўтказиб турганини кўриб, милиционерни инсофга чақирган. Милиционер А.Турдиевдан можарога аралашмасликни талаб қилиб, зарба берган. Натижада отахон аравага йиқилган. “Сенга тарбия берган ота-онанга минг лаънат”, дея ўрнидан турган чоғда милиция ходими яна бир зарба берган. А.Турдиев ўн метрча юриб ерга йиқилган ва оғзи-бурнидан қон келган. Воқеага гувоҳ бўлиб турганлар милиция ходимига “уни ўлдириб қўйдинг-ку, ўрнидан турғиз”, деганда, у “ўлса ўлиб кетавермайдими, битта одам ўлса ҳеч нарса қилмайди”, дея жавоб берган.

Бу тафсилотларни мазкур воқеага гувоҳ бўлган бошқа фуқаролар ҳам тасдиқлади. Бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари воқеанинг бундай ривожланганини рад этмоқда. Уларнинг таъкидлашича, отахон ўз ажали билан - бозорда йиқилиб ўлган.

Марҳумнинг акаси Ниғмонжон Турдиевнинг билдиришича, улар бозорда эрталаб соат 8-9 ларда милиционер кимнидир уриб ўлдирганини одамлардан эшитган. Бу вақтда ўлган одам ўзининг укаси эканини билмаган. Фақат соат 17 ларда марҳумнинг оила аъзоларига хабар етказилган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари А.Турдиев юрак хасталиги оқибатида вафот этганини айтишган.

Марҳумнинг ён қўшниси ва қадрдон дўсти Турғун Абдуллаевнинг айтишича, А.Турдиев жуда соғлом инсон бўлган. Маҳаллада ва ишхонасида уни “полвон” деб аташган.

“Мурдани ўзим кўрдим. Унинг пешонаси бурни аралаш кўкариб кетган эди. Кўкрагида ҳам қонталаш излари кўзга кўриниб турарди. Ҳаммаёғи моматалоғ эди”, деди Т.Абдуллаев.
XS
SM
MD
LG