Линклар

logo-print

“Репортёр” фаолияти тўхтаб қолди


Феруза Россия экстремал журналистика маркази тарқатган маълумотга кўра, Бухоро вилоятидаги “Репортёр” журналистлар мунозара клуби ўз фаолиятини давом эттира олмаётир. Унинг банкдаги ҳисоб рақами ҳам музлатиб қўйилган.

Мазкур клуб Бухоро ва Навоий вилоятлари журналистларини бириктирган бўлиб, унинг мақсади қалам аҳлининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш, семинарлар ўтказиш, халқаро анжуманлар уюштиришдир.

Клуб раҳбари Обид Шабановнинг айтишича, клуб журналистларнинг ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида телерадио ўқув маркази ташкил этиш лойиҳаси бўйича иш бошлаган. Бу лойиҳа ўтган йилнинг ноябрь ойидан фаолият кўрсата бошлаган. Икки ойдан сўнг эса унинг иши тўхтаган. Ходимлар қарийб уч ойдан буён маошсиз қолган.

О.Шабановнинг таъкидлашича, лойиҳа учун грант ажратган ташкилот гўёки Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган. Аммо грант бошқа мамлакатда ишлаётган ташкилот томонидан ажратилгани учун бу ўринда рўйхатдан ўтишни талаб қилиш ноўрин. Шунга қарамай, лойиҳа бўйича барча ҳужжатлар банкка топширилган. Лекин банк лойиҳанинг ҳисоб рақамини музлатиб қўйган.

О.Шабанов Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки мутасаддилари бу муаммо ҳақида эшитишни ва тушунтириш беришни истамаётганини маълум қилди.

Миллий банк ва унинг Бухоро вилояти филиали вакилларидан “Озодлик” мухбири мазкур ҳолат юзасидан муносабат ола олмади.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, “Репортёр” клуби дуч келаётган муаммони юзага келтиришдан мақсад Ўзбекистонда эркин журналистлар фаолиятини бўғишга уринишдир.

Ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаровнинг мавзу юзасидан билдирган фикрича, Ўзбекистон банклари мана шундай ҳолатларда қандай баҳона ва сабаб кўрсатмасин, улар маҳаллий ва ҳалқаро меҳнат қонунчилиги меъёрларини бузмоқда. Шундай экан, “Репортёр” клуби ўзи дуч келган муаммо юзасидан судга мурожаат қилишга ҳақли.
XS
SM
MD
LG