Линклар

НАЖАФДА АҚШ КУЧЛАРИ САДРНИ ЙЎҚ ҚИЛИШГА ШАЙ

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШ ҳарбий қўмондонлиги радикал шиа гуруҳлари рахнамоси бўлган Мўктадо ас-Садрни қўлга олиш ёки уни йўқ қилишга буйруқ берган. Сешанба куни АҚШ рахбари Жорж Буш агар амалиётлар учун Ироққа қўшимча қўшин юбориш керак бўлса, юборамиз, деб айтди.

АҚШ қўшинлари Нажаф шаҳрида шиа радикал гуруҳларига қарши ҳарбий амалиётларни бошлашга шай бўлиб туришибди. Шиалар рахнамоси Мўктадо ас-Садр айнан шу шаҳарда паноҳ топгани айтилмоқда. Ироқдаги АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Мўктадо ас-Садрни қўлга олиш ёки уни йўқ қилишга буйруқ берган.

Сешанба куни Нажаф шаҳри атрофларига ҳарбий амалиётлар бошлаш учун 2500 АҚШ қўшини жалб этилган эди. Мўктадо ас-Садр бир йил аввал шиалар оятуллосини ўлдирганликда айбланмоқда. Бироқ, Америка ҳарбийлари у ерда ортиқча қон тўкилиши олдини олиш мақсадида масалага жуда эхтиёткорлик билан ёндашмоқдалар. Маълумки, Нажаф шиалар учун муқаддасгоҳ саналади, у ерга ибодат учун борган шиаларнинг ўлдирилиши эса аҳоли норозилигини уйғотиши мумкин.

АҚШ томони Нажафда ортиқча қон тўкилишини хоҳламаётган экан, Садр гуруҳлари Америка билан муроса қилиши мумкинми?

Ас Садр гуруҳлари аҳолини колалицияга қарши қўзғолонга чорламоқда. Сешанба куни Ливаннинг ал-Мансар телеканалига берган интервьюсида Мўктал ал-Садр Ироқдаги Америка етакчилигидаги кучларга қарши курашда ўлимга ҳам тайёрлигини айтди: "Мен фақат Оллоҳдан қўрқаман. Шу юрт учун қон тўкишга ҳам тайёрман. Лекин, менинг ўлимим Ироқ халқининг озодлик курашидаги сўнгги нуқта бўлмаслиги керак ва уларни курашни давом эттиришга чақираман", - деди.

АҚШ рахбари сешанба кунги матбуот анжуманида Мўктадо ас-Садрдан ноқонуний қуролли гуруҳларини тарқатиб юборишни талаб қилди. Шунингдек, Вашингтон рахбари Ироқдаги Америка қўмондонлигининг Ироққа қўшимча 10минг аскарли қўшин жўнатиш талаби қондирилиши мумкинлигини ҳам айтди.
"Ҳозир ва келажакда қўшинларни мустаҳкамлаш ҳарбий вазиятга боғлиқ. Агар Ироққа қўшимча ҳарбий қўшин жўнатиш керак бўлса, мен уни юбораман", - деди Буш.

Коалиция кучларига қарши гуруҳлар қўрғони бўлиб қолаётган Фаллужада вазият қандай?

Фаллужада нисбатан осойишталик. Ироқда урушаётган томонлар ўртасида воситачилик қилаётган диндорларнинг айтишларича, Бағдод ғарбидаги Фаллужада АҚШ кучлари ва исёнчи гуруҳлар ўртасида оташкесин муддати яна 48 соатга узайтирилган. 4 апрел куни бошланган Фаллужадаги тўқнашувларда 600 ироқлик нобуд бўлди, 1250 одам яраланди. Ироқ манбааларига кўра, ҳалок бўлганларнинг ярми аёллар ва болалар. АҚШ томони эса Фаллужадаги жангларда 80дан ортиқ аскарини йўқотди.

Ироқда гаровга олинган 40 хориж фуқароси тақдири хамон номаълум.

Ҳозирча гаровга олинганларнинг на тирик ва ё на ўлик экани ҳақида маълумот бор. Сешанба куни Ал-Жазира телеканали гаровга олинган ва Италия фуқаролари экани айтилаётган тўрт шахс суратларини намойиш этди. Франция телеянгиликлар агентлиги эса ўзининг Ироқдаги бир мухбири номаълум гуруҳлар тарафидан олиб қочиб кетилганини маълум қилди. Биздаги маълумотларга кўра, Ироқда сўнгги беш – олти кун ичида 12 давлатдан жами 40 киши олиб қочилган.
XS
SM
MD
LG