Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:48

Cобиқ вазир Президент истеъфосини талаб қилаётир


Сарвар УСМОН Қозоғистон - иқтисодиёти ўсиш суръатларининг жадаллиги билан минтақадаги қўшниларидан тобора ажралиб, шарқдаги катта қўшниси - Хитой билан бўйлаша бошлаган мамлакатдир. Эришилаётган муваффақиятлар калитини баъзилар мамлакат ҳудудидаги нефт конларидан изласа, баъзилар Президент Назарбоев олиб бораётган иқтисодий сиёсатнинг изчил эканлигидан излайди. Бироқ, иқтисодиёти соғломлашаётгани билан қўшниларидан фарқланаётган Қозоғистон, сиёсий соҳада улардан кескин фарқланмайди. Бу мамлакатда ҳам мухолифат лидерлари қамоқларда сақланмоқда, Президентнинг кечаги сафдошлари эса, мухолифатчилар лагерига ўтмоқда.

Президент Назарбоевнинг мухолифатчилар қаторига қўшилган сафдошларидан бири - мамлакат Фавқулодда Вазиятлар вазирлигининг собиқ раҳбари Заманбек Нурқадиловдир. Душанба куни у Қозоғистон парламенти депутатларига очиқ хат билан мурожаат қилди. Озодлик мухбирини жаноб Нурқадилов депутатларга йўллаган мактуби мазмуни билан таништирди.

Ўз мактубида Нурқадилов, оддий бир сайловчи сифатида, парламент депутатларидан Президент Назарбоевга ишончсизлик билдириш масаласини ишлаб чиқиш бўйича ишчи комиссия тузишни сўраган.

Заманбек Нурқадилов шу йилнинг 11 мартида Президент Назарбоевнинг ўзига ҳам хат билан мурожаат қилган ва ўша мактубда у Президентнинг истеъфосини талаб қилганди.

Хўш, собиқ вазирни Президентга нисбатан тўнини бундай терс кийиб олишга нима мажбурлади?

Нурқадилов 10 апрел куни Қозоғистон Демократик Танлови ҳаракати лидери Ғалимжан Жақияновни озодликка чиқариш талаби билан Алматида ўтказилган митингда қилган чиқишида ҳам Парламент аъзоларига 11 апрел куни жўнатилган мактубидаги фикрларни билдирган, яъни Президент Назарбоевни мамлакат конституциясини бузганликда айблаган эди. "Конституцияга кўра, - дейди у, - давлат раҳбари у ёки бу партияга лидерлик қилиши мумкин эмас, Назарбоев эса, "Отан" ("Ватан") партиясига етакчилик қилаётир". Бу Президент Назарбоев зиммасига Нурқадилов юклаётган биринчи айбдир. "Иккинчидан эса, - дейди у, - кейинги пайтларда матбуотда америкалик ишбилармон, Назарбоевнинг собиқ ёрдамчиси Жеймс Гиффеннинг АҚШ ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига берган кўрсатмалари эълон қилинди. Маълум бўлишича, Гиффен АҚШ махсус хизматлари топшириғини бажарган. Президент Назарбоев ўз маслаҳатчиси олдида давлат аҳамиятига молик маълумотларни гапирмаган, деб ким кафолат бера олади?

Озодлик радиосига 9 апрел куни берган суҳбатида эса, Заманбек Нурқадилов фикрини янада очиқроқ ифодалаган эди: "Агар ёрдамчиси бошқа мамлакат хавфсизлик хизмати агенти бўлса, демак, Президент ватан хоинидир. Пул учун халқни сотган, юрт бойлигини сотган одам қандай қилиб президент бўлиши мумкин?"

Жаноб Нурқадилов ечимини депутатлардан талаб қилаётган масалалар, айниқса, матбуотда "Казахгейт", деган ном билан машҳур бўлиб кетган можаро Қозоғистон жамоатчилигини анчадан буён ташвишга солиб келаяпти. Бас, шундай экан, Қозоғистон парламенти аъзолари Нурқадиловнинг талабини қондирадими? Президентга ишончсизлик билдириш масаласини кун тартибига чиқаришга парламент ҳақлими?

Озодлик мухбири Қозоғистон Конституциявий Кенгаши аъзоси Хабилсаят Абишевдан
Конституцияда белгилаб қўйилган меъёрлар тўғрисида батафсил маълумот олди. Унинг гаплари хулосасини айтар бўлсак, "парламент президентни истеъфога чиқариши мумкин".

Депутатлар ўзларининг Конституцияда кафолатлаб қўйилган ҳуқуқларидан фойдаланадиларми?

Озодлик мухбири шу савол билан бир қатор депутатларга микрофон тутди. Улардан бири - Серик Абдрахманов Нурқадилов қўяётган талабни парламент эмас, Конституциявий Кенгаш ҳал қилиши лозим, деган фикрни билдирди.
"Казахгейт" можаросини эса, депутатнинг фикрича,
"халқ ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳал қилиши лозим".
XS
SM
MD
LG