Линклар

Азизулло Арол АҚШ томонидан тайинланган Ироқ Бошқарув Кенгаши мамлакат марказий ва жанубий қисмларида икки ҳафтадан буëн давом этаëтган тўқнашувларни бостиришга ҳаракат қилмоқда. Кеча Фаллужада икки кунга отишмаларни тўхтатишга келишилди. Нажаф шаҳри атрофига АҚШ кучлари жойлаштирилди¸ айни пайтда ас-Садр билан сўзлашувлар олиб бориш мақсадида Эрон делегацияси Нажафга борди. Бошқа бир хабарга кўра¸ гаровга олинган италияликлардан бири жанггарилар томонидан ўлдирилди. Ироқдаги сўнгги воқеа-ҳодисаларни матбуот орқали кузатиб борган ҳамкасбим Азизулло Арол билан бугунги суҳбатимиз ана шу мавзулар атрофида бўлади.

АА¸ дастлаб шу кеча-кундузда Ироқда ҳукм сураëтган вазият ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

Ироқ шиалари радикал руҳонийси Муқтадо ас-Садр тарфдорларининг АҚШ бошчилигидаги коалиция кучларига қарши ҳатти-ҳаракатлари ҳали бутунлай бостирилгани йўқ. Ас-Садрдан қўл остидаги қуролли жанггариларни тарқатиб юбориш талаб қилинмоқда. Худди шу мақсадда Эрон руҳонийлари делегацияси Нажафга бориб¸ ас-Садр билан музокаралар олиб бормоқда. Фаллужада эса¸ икки кундан буëн нисбатан осойишталик ҳукм сурмоқда. Кеча Фаллужадаги жанггарилар билан АҚШ кучлари ўртасида 48 соатга отишмаларни тўхтатишга келишилган эди.

АА¸ Сиз Эронни тилга олдингиз. Расмий Теҳроннинг Ироқда ўйнайдиган роли АҚШ манфаатларига мос келиши мумкинми?

Тўғри¸ Теҳрон-Вашингтон ўртасида расмий алоқалар бузилганига анча бўлади. Муносабатлар кескинлашуви 1979 йилда содир этилган Эрон Исломий инқилобига бориб тақалади. Аммо Ироқдаги кейинги воқеа-ҳодисалар¸ айниқса¸ шиалар пешвоси Муқтадо ас-Садрнинг АҚШ кучларига кўрсатаëтган қаршилиги Эроннинг Ироқда воситачилик қилишига зарурат туғдирмоқда. Эрон ҳукуматига кўра¸ АҚШ Теҳрондан Ироқда тартиб ўрнатишга ëрдамлашишни расман сўраган. Таҳлилчиларнинг айтишича¸ Ироқда ҳамкорлик қилиш ҳар иккала мамлакат учун ҳам фойдалидир.

АА¸ Ироқда кучайиб кетган хорижийларни гаровга олиш масаласига ўтсак. Тутқунларнинг тақдири ҳақида қандай маълумот бор?

Ироқдаги жанггари гуруҳлар томонидан ҳозирга қдар 20 дан ортиқ чет эл фуқароси гаровга олиган. Ал-жазира тарқатган сўнгги маълумотга кўра¸ гаровга олинган тўрт италияликдан бири жанггарилар томонидан ўлдирилган. Италия ҳукумати қолган уч фуқаросини гаровдан озод этиш чораларини изламоқда.

"Италия ҳукумати гаровдаги италияликларни иложи борича тезроқ озод этишга эришиш учун барча имкониятлар ¸ жумладан дипломатик ва бошқа каналларни ишга солади" - деди Италия Ташқи Ишлар вазири Франко Фраттини.

Кеча бошқа яна икки нафар япониялик гаровга олинди. Ўтган ҳафтада гаровга олинган 3 нафар Япония фуқароси бугун озод этилди. Душанба куни гаровга олинган Россия ва Украина фуқаролари озод этилганидан сўнг¸ Россия МДҲ фуқароларини Ироқдан эвакуация этишга қарор қилди.

АА¸ вазиятни барқарорлаштирш бўйича Ироқ Бошқарув Кенгаши бирор ҳаракат қилаяптими?

АҚШ томонидан тайинланган Ироқ Бошқарув Кенгаши вакиллари вазиятни яхшилаш мақсадида Фаллужада суннийлар билан бирга иш олиб бормоқда. Нажафда эса¸ радикал шиалар билан мўътадил шиалар ўртасида воситачилик фаолиятини бошлаган. АҚШнинг итоатгўй ҳимоячилари бўлиб келган Кенгаш аъзоларидан айримлари Фаллужа воқеаларида АҚШни айблаб чиқмоқдалар.

"Биз Фаллужада АҚШ кучлари томонидан амалга оширилган ҳарбий амалиëтлари қоралаймиз. Чунки¸ Фаллужа аҳолиси оммавий равишда жазоланди" - деди Ироқ Бошқарув Кенгаши аъзоси Аднан Пачачи жумладан.
XS
SM
MD
LG