Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:48

Оқсоқоллар ҳокимдан норози


Шайбон 15 апрель куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги “Оққўрғон” ҳамда “Дархон” маҳаллалари оқсоқолларидан 15 чоғлиси Ўзбекистон Президенти девони биноси олдида норозилик йиғини уюштирди.

Оқсоқоллар кўтариб олган плакатда “Оққўрғон ҳамда “Дархон” маҳалласи фуқаролари ҳақиқат излаб келдик”, деган ёзув бор эди. Намойишчилар олдига етиб келган Президент девони хавфсизлик хизмати ва милиция ходимлари плакатни тортиб олди.

80 ёшли Собир отанинг сўзларига қараганда, маҳаллада 27-поликлиника жойлашган эди. Бу поликлиника “Оққўрғон”, “Дархон” ва яна бир маҳалла аҳлига хизмат кўрсатган. Бироқ Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Абдуазим Мажидов ва соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари поликлиникани ҳеч қандай асоссиз номаълум шахсларга сотиб юборган. Натижада бу ердаги маҳаллаларда яшовчилар қулай тиббий хизмат муассасасидан ажралган.

Собир ота оқсоқолларнинг Президент девони ёнига келишига туман ҳокимлиги ва шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятининг мазкур муаммо юзасидан фуқаролар мурожаатларига қулоқ тутишни истамагани сабаб бўлганини таъкидлади.

Оқсоқолларнинг айтишича, ўн беш кундирки, поликлиника фаолияти тўхтаб қолган. Маҳалла аҳлига сал узоқроқда жойлашган пуллик поликлиникага бориш тавсия этилган. Аммо бунинг учун серқатнов йўлни босиб ўтиш керак. Кексалар ва ёшлар учун бу анча қийинчиликлар туғдиради. Беркитилган поликлиника эса шундоққина маҳалланинг ўзида жойлашган.

Бундан ташқари, оқосоқолларнинг таъкидлашича, “Оққўрғон” маҳалласида анчадан буён ташландиқ ётган майдон бўлган. Болалар учун ўйингоҳ яратиш мақсадида бу жой ободонлаштирилган. Бироқ орадан кўп ўтмай Мирзо Улуғбек тумани ҳокими майдонда ўзи учун данғиллама иморат солиб олган ва болаларни ўйингоҳдан маҳрум қилган.

Норозилик йиғини иштирокчилари дастлаб Президент девонининг фуқароларни қабул қилиш бўлими вакили Ғафуржон Мирзаев билан музокара олиб борди. Кўп ўтмай бу ерга Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Абдуазим Мажидов ҳам етиб келди.

Президент девони вакиллари ва туман ҳокимининг оқсоқоллар билан мулоқоти бир ярим соат давом этди. Оқсоқолларнинг таъкидлашича, мутасаддилар маҳалланинг ўзида мажлис қилиб, мулоқотни давом эттиришга ваъда берган. Бироқ муаммони ҳал қилиш тўғрисида гапирмаган.
XS
SM
MD
LG