Линклар

“Айғоқчи” ноқонуний айбланганини айтмоқда, МХХ эса…

  • Барно Анвар

13 апрель куни Интернетда Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 157 (давлатга хиёнат) ва 119-моддалари (зўрлик билан нотабиий равишда жинсий эҳтиёжни қондириш) билан айланиб, жазога тортилган Михаил Қурбоновнинг шикоят аризаси эълон қилинди.

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромов номига йўлланган мазкур шикоят аризаси муаллифи М.Қурбонов озарбайжон миллатига мансуб, 1960 йилда туғилган ва Тошкент вилоятининг Ғазалкент туманида яшаган. Асли касби ўқитувчилик. М.Қурбоновнинг аризасида келтирилишича, у 20 йилдан ортиқ вақт давомида Марказий Осиёда иқтисод, молия, социология ва география йўналишларига оид илмий тадқиқотларни мустақил равишда олиб борган. У ўз тадқиқотларини Марказий Осиё давлатларининг ўтиш давридаги муаммоларини ечишда кўмак бўлиши мумкин, деган мазмунда бир неча халқаро ташкилотлар ва элчихоналарга тақдим этган.

“Аммо, дейилади аризада, 2003 йилнинг 23 майида Миллий хавфсизлик хизматининг қидирув ва оператив бошқарув хизмати бўлимидан бир гуруҳ вакиллар уйимга бостириб кирди. Уйда тинтув ўтказиб, барча илмий тадқиқотларимни мусодара қилди ва мени ҳибсга олди. Кейин эса МХХнинг тергов изоляторига ташладилар”.

М.Қурбонов қўлга олинганининг дастлабки соатидаёқ айғоқчиликда, ватанга хиёнат қилишда айбланганини ёзади.

“Менга иқтисодий соҳадаги илмий мақолаларимдан бири 2003 йил май ойида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Тошкентда бўлиб ўтган саммитида тилга олиниши ва оқибатда мамлакат президенти Каримов номига кескин танқид бўлишига ҳамда Ўзбекистонга кредит маблағлари берилмаслигига сабаб бўлган, деб айб қўйилди. Мени тазйиқ ва қийноқлар остида тергов қилишди ва қандайдир халқаро ташкилотлар, элчихоналар ходимлари билан Ўзбекистонга қарши хуфёна ҳамкорлик олиб борганлигим ва бу борада вояга етмаган қизлардан фойдалаганлигим тўғрисидаги ёлғон кўрсатмаларни беришга мажбур қилишди”, дейилади аризада.

Мазкур ариза юзасидан “Озодлик” мухбири М.Қурбоновнинг адвокати Зайнаб Кистабоевага мурожаат қилганида, у ўз ҳимоясидаги шахснинг илмий мақолалари Ўзбекистондаги ОАВда, масалан, “ЭКО”, “ПрессТИЖ”, “Экономическое обозрение” каби нашрларда чоп этилганини маълум қилди. Унинг айтишича, М.Қурбоновнинг бу изланишларига Инқирозлар олдини олиш халқаро гуруҳи, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Қирғизистон, АҚШ, Молдавия, Польша, Россия каби элчихоналар қизиқиш билдирган ва бу борада маълум ҳамкорлик қилинган. Энди эса шундай таҳлилий мақолалардан бири асосида М.Қурбонов айғоқчиликда айбланаётгани мутлақо асоссиздир.

“Айбловлар ҳам, суд хулосаси ҳам фақатгина тахминларга асосланган. Гўёки Қурбонов мамлакатдаги чет эл элчихоналаридан биридан Ўзбекистон ҳарбий сирига тегишли материалларни олган ва уни бошқа элчихонага беришга уринган вақтда қўлга олинган. Айблов бўйича асосий гувоҳ эса тегишли тартибда сўроқ ҳам қилинмади ва унинг кўрсатмалари МХХ тергов маълумотларига ҳам зид. У ҳатто судда ҳам сўроқ қилинмади. Қолаверса, бунга (айғоқчиликка) исбот тариқасида келтирилган мақоладаги маълумотлар бир йил муқаддам Қозоғистондаги ОАВдан бири томонидан Интернетда эълон қилинганди. Қизиғи шундаки, ҳарбий сирни бўлган тақдирда ҳам М.Қурбонов уни қаердан олганига умуман эътибор қаратилмаётир”, - деди З.Кистабоева.

МХХ матбуот хизмати вакили Олим Тўрақулов М.Қурбонов ва унинг адвокати билдирган нотўғри айблов ва асоссиз тергов ҳақидаги даъволарни рад этди. Унинг таъкидлашича, М.Қурбонов ҳарбий ва давлат сири бўлган маълумотларга асоссиз қизиқиш билдиргандан сўнг МХХ идоралари назарига тушган. Аниқланишича, у айрим дипломатик ваколатхоналар вакиллари билан учрашган чоғда улардан аниқ мазмундаги маълумотларни йиғиш ҳақида топшириқ олган. Чет эл фуқароларига ўзини рўйхатдан ўтказилмаган “Арсенал” ахборот-таҳлил маркази раҳбари сифатида таништирган. Хуфёна иш тутиш учун ёш қизлардан чет эл фуқаролари билан мулоқотларда воситачи сифатида фойдаланган. Баъзан қизларга 10 мингдан 30 минг сўмгача пул ҳам бериб турган.
XS
SM
MD
LG