Линклар

Ўзбекистон Президенти Москвага йўл олади


Тўлиқин Ўзбекистон матбуотида мамлакат Президенти Ислом Каримовнинг 15 апрель куни Россия Федерациясига амалий ташриф буюриши тўғрисида хабар берилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ташриф Ўзбекистонда содир бўлган портлашлар, Европада тикланиш ва тараққиёт банкининг мамлакатга молиявий ёрдам ажратишни тўхтатиш қарори каби воқеалар фонида амалга оширилмоқда. Шу боис, кузатувчилар Ислом Каримовнинг Москвага сафари хусусида турли тахминлар билдираётир.

Сиёсатшунос Баҳодир Мусаевнинг фикрича, яқинда юз берган портлашлардан сўнг Ўзбекистон ва Россиянинг, айниқса, миллий хавфсизлик борасидаги ҳамкорлиги муҳимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Гарчи минтақада терроризмга қарши курашда АҚШ билан ҳамкорлик муҳим бўлса-да, бу ҳамкорлик ҳозиргача кутилганидек самара бераётгани йўқ.

Б.Мусаев ҳар қандай икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик самарали бўлиши учун, албатта, бу давлатларда қонун устиворлиги, инсон ҳуқуқлари ва демократия таминланган бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фаразича , Ислом Каримовнинг Москвага сафари Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир этмайди. Гарчи АҚШ ва Россия дунё геосиёсий майдонидаги йирик ўйинчилар бўлса ҳам Ўзбекистоннинг уларнинг фақат бири билан муносабат қилиш имконияти йўқ. Чунки Ўзбекистоннинг географик жойлашуви ва сиёсий-иқтисодий йўли уларнинг ҳар иккаласи билан ҳам алоқаларни бузмасликка ундайди.

Владимир Путин Россия Президентлигига қайта сайлангандан сўнг Россия ўз ташқи сиёсатида Марказий Осиёда тутган аввалги мавқеини тиклашга уринади, бу ҳудудда ўз таъсир доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилади, деган фаразлар ҳам мавжуд. Айни пайтда Ғарб ташкилотлари ва сиёсатчилари демократия йўқлиги, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият оғирлиги учун танқид қилаётган Ўзбекистон ҳукумати билан Россиянинг муносабати қандай бўлади?

К.Раббимовнинг таъкидлашича, Россия ўз ташқи сиёсатида Ғарб мамлакатлари каби жиддий мафкуравий талаблар қўявермайди. Москва геомафкурасида демократия ва инсон ҳуқуқлари шаклланиб улгургани йўқ. Бундан ташқари, Россия ўз манфаатларидан келиб чиқиб, прагматик сиёсат юритади. Шу боис, Россия учун Ўзбекистон билан муносабатда энг муҳим нуқталар Ўзбекистонда яшовчи русларнинг ижтимоий мавқеи ва иқтисодий манфаатлардир.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовга фикрича, Ўзбекистон билан Россиянинг иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорлиги икки давлат учун ҳам манфаатлидир. Айни пайтда бу ҳамкорликни геосиёсий нуқтаи назардан АҚШ-Ўзбекистон стратегик муносабатларига зид қўймаслик керак. Шу билан бирга, Россия Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатда интеграция масаласига кўпроқ эътибор қаратиши лозим.
XS
SM
MD
LG