Линклар

Журналистнинг оиласи қийин аҳволда


Феруза Хоразмлик журналист Шуҳрат Оллоназаров маҳаллий амалдорлар фаолияти танқид қилинган мақолалари учун ишдан бўшатилгандан сўнг унинг хотини Муяссар Худойберганова ҳам мажбуран ўз ишидан озод этилганди.

Куни-кеча Хоразм вилояти Боғот тумани фуқаролик ишлари суди журналистнинг ишга қайта тикланиш, ўзини ноҳақ ишдан бўшатгани учун “Янгиариқ овози” газетаси бош муҳарриридан маънавий зарар учун 1 миллион сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризасини кўриб чиқишни бошлади.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, аввалроқ журналистнинг турмуш ўртоғи М.Худойберганов ҳам ўзининг ноқонуний ишдан бўшатилгани даъвоси билан аризасини суд қониқтирмаган эди.

Маълумотларга кўра, куни-кеча бошланган янги суд жараёнида эса Ш.Оллоназаров хотинининг даъво аризаси ноҳақ рад этилганини эътироф этиб, ўз иши бошқа судья томонидан кўриб чиқилишини сўраган. Бироқ бу талаб қондирилмаган. Баъзи сабабларга кўра суднинг навбатдаги мажлиси бир ҳафтадан сўнг ўтказилиши белгиланган.

М.Худойберганованинг сўзларига қараганда, эри Ш.Оллоназаров мансабдор шифокорларни танқид қилган. Шундан сўнг ўзи ишлаётган туғруқхона раҳбарлари унга тазйиқ ўтказишни бошлаган ва ишдан бўшатиб юборган. Суд эса қалбаки ҳужжатларга таяниб, ишни туғруқхона мудираси фойдасига ҳал қилган.

Ш.Оллоназаров ўзининг ва хотинининг даъво аризаларида жуда кўплаб далил-исботлар келтирилгани, бироқ суд ходимлари улар билан танишиб чиқишни эп кўрмаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, суддаги қонунбузарликлар ҳақида турли идораларга қилинган шикоятлар натижа бермаётир.

Мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевнинг фикрича, Ўзбекистонда судлар эркин ва мустақил эмаслиги Ш.Оллоназаров ишини кўриб чиқиш жараёнида очиқ-ойдин кўриниб қолган.

Ш.Оллоназаров даъвоси бўйича ўтказилган суд йиғинида иштирок этган ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаровнинг таъкидлашича, журналистнинг ўз ишини кўриб чиқувчи судьяни рад этиш талаби қондирилмагани юзасидан юқори инстанцияга мурожаат қилиниши мумкин. Бироқ даъвогар томон суднинг янада чўзилиб кетишидан манфаатдор бўлмагани учун ишни мазкур судья кўришига розилик билдирган.

Ш.Оллоназаров билан яхши таниш журналистларнинг сўзларига қараганда, айни пайтда журналистнинг оиласи оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган. Ҳозирги кунда оила боқувчилари ишсиз, фарзандларга эса мактабда таъна-дашномлар ёғдирилмоқда.
XS
SM
MD
LG